«ҚҚС имтиёзи берилади». Депутатларнинг самарасиз қонуни ва ҳукуматнинг сукути ҳақида

Ўзбекистон 16:46 / 16.10.2020 41645

Депутатлар Комилжон Эрназаров, Мақсуд Қурбонбоев ва Абдуғани Умиров ташаббуси билан Солиқ кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига киритилган. Айни пайтда қонун лойиҳаси қуйи палата тасдиғидан ўтиб, Сенатга юборилган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан 2021 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикасига шакар, шу жумладан, шакар хомашёсини, 2021 йил 1 июлга қадар бўлган даврда эса картошка, ўсимлик ёғи, гўшт, чорва молларини тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек, уларни реализация қилиш айланмалари қўшилган қиймат солиғидан вақтинчалик озод қилиш кўзда тутилмоқда.

Ушбу қонунни қабул қилишдан мақсад — ички бозорда шакар, гўшт, ўсимлик ёғи ва ва картошка нархини пасайтириш. Амалдаги қонунларга мувофиқ, қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодекси орқали жорий этилиши белгиланган. Шу сабабли, бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан «Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент ҳукмига ҳавола этилди.

Россия собиқ бош вазири Виктор Черномирдин таъкидлагандек, «ҳар доим яхшироқ бўлишини истадик, лекин доимгидек бўлиб қолди». Гап шундаки, қонун лойиҳасида картошка, ўсимлик ёғи, гўшт, чорва молларини тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлари импортига ҚҚС имтиёзи берилиши назарда тутилган. Шунингдек, уларнинг сотуви ҳам ҚҚСдан озод этилиши мумкин. Аммо маҳаллий ишлаб чиқарувчи ўсимлик ёғига хомашё, чорва боқуви учун ем ва картошкага уруғни олиб кириши солиққа тортилаверади. Қонун ўзгаришсиз қабул қилинса, қандай ўзгаришларга сабаб бўлади? Қуйида бир неча сценарийга ёғ-мой ишлаб чиқариш мисолида эътибор қиламиз.

Сценарий 1 – импортёр ишлаб чиқарувчини «синдиради»

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи юқорида кўрсатилган маҳсулотлар бўйича импорт товар билан кучли рақобатга кириша олмайди. Сабаб — нарх ва хомашё муаммоси. Чунки кўрсатилган товарларни тайёрлаш учун хомашё Ўзбекистонда сероб эмас. Масалан, ёғ-мой ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар Қозоғистон ва Россиядан кунгабоқар пистасини харид қилиб, Ўзбекистонда ёғ ишлаб чиқаради. Улар тахминан 500 сўм нархдаги устунлик билан импортга рақобат қила олади. Ёғнинг сифати, қадоқланиши ва маркетинги бўйича эса масала йўқ. Агар импорт товар ҚҚСдан озод этилса, бу унинг товари Ўзбекистонда 15 фоизга (амалда ҚҚС ставкаси) арзонлашишини англатмайди.

Магарки, нархда 400-500 сўмлик фарқ бор ва шунинг учун кураш бўларкан, ҚҚСдан озод этилган импортчи нархини бирдан 2100 сўмга (1 литр ўсимлик мойининг Ўзбекистонга импорт қилиниши 14 минг сўм бўлса, қонун қабул қилингач, 2100 сўмлик харажат йўқ бўлади) пасайтиришини билдирмайди. Импортёр нархни 13 минг сўм қилганда, ҚҚСдан озод этилгани учун 1100 сўм солиқ харажатини тежайди, шунингдек, маҳаллий рақобатчиларини бемалол маҳв этади. Хориждан хомашёни ҚҚС билан импорт қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун товар реализациясида ҚҚС олиб ташланиши фойда бермайди. Улар устунликдаги ўша 400-500 сўмни, импортчига бериб қўяди. Тез орада Ўзбекистон ёғ-мой ишлаб чиқариш саноати тарихга айланиши мумкин. Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги эса номаълум келажакка қадам қўяди.

Сценарий 2 – товуқ гўшти ва тухум нархи барибир ошади

Ҳеч кимга сир эмаски, кунгабоқар пистаси қолдиғи парранда учун ем ҳисобланади. Айни пайтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорт қилган кунгабоқарнинг қолдиғи (шрот) ҳам маҳаллий парранда фабрикаларига ем сифатида сотилади. Бунда ёғ ишлаб чиқарувчи тадбиркор шротдан фойда кўрмаган тақдирда ҳам, ундан бошқа мақсадда фойдаланиш имкони йўқлиги учун, парранда фабрикасига сотади. Шу омил сабаб бўлиб, четдан импорт қилинган шрот Ўзбекистонда белгиланган нархга дош бермайди.

Аммо қонун лойиҳаси Сенатда маъқулланса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кунгабоқар импортини кескин камайтиради. Бу тез орада тухум ва товуқ гўшти нархида ўз аксини беради. Яъни бир саноат ё тармоқнинг бошқасига таъсири чуқур ўрганилмай, қонун лойиҳаси кўр-кўрона қабул қилинган.

Сценарий 3 – психологик эффект

Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад нархни пасайтириш экан, аҳоли товарнинг нархи сезиларли тушишини кутади. Аммо рақамлар кутилмага мос эмас. Масалан, 14 минг сўмлик импорт ёғ 500-1000 сўмга арзонлашиши мумкин, яъни ҚҚС нархга кучли таъсир қилувчи омил эмас. Аҳолининг кутилмаси рўёбга чиқмагандан сўнг, норозилик босилмайди.

Қолаверса, маҳаллий ишлаб чиқариш қуввати пасайиб, истеъмол бозори импорт қўлига ўтганда импортчи товарлар дефицитидан фойдаланиб, нархни ошириш имкониятига эга бўлади. Юқори нарх шароитида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар яна «ўйин»га қўшилади. Аммо эндиликда нархни ортга қайтариш имконсиз бўлади.

Сценарий 4 – барча ҚҚСдан озод этилади, аммо мавҳумлик бошланади

Тасаввур қилинг: ёғ-мой ишлаб чиқарувчилар импорт қиладиган хомашё ҳам ҚҚСдан озод этилди. Шу ўринда савол пайдо бўлади: пахта ёғи учун чигит ҳам ҚҚСдан озод этиладими? Чигит сотадиган кластер-чи? Назарияга кўра, ҚҚС имтиёзи самара бериши учун унинг ҳар икки томонидан занжир узилиши керак. Иқтисодиётда яна «имтиёзбозлик», яна ноҳалол рақобат бўй кўрсатиши мумкин.

Сценарий 5 – лоббизм ва қисқа муддатда қонунга ўзгартиш киритилади

Қонун лойиҳаси салбий эффект беришини билса-да, парламент аъзолари уни қабул қилиши бир шубҳани пайдо қилади. Депутатлар орасида пайдо бўлаётган лоббистлар айрим импортчилар манфаатидан ушбу қонун лойиҳасини қабул қилган бўлиши мумкин. Жамоатчилик танқиди, бозордаги тескари эффект ва норозиликлардан сўнг, қонунга қисқа фурсатда ўзгартиш киритилади. Аммо бу орада айрим импортчилар катта ҳажмдаги товарни ҚҚСдан озод этилган шаклда мамлакатга киритиб олишга муваффақ бўлади.

Ёғ нархи нега ошганди?

Таъкидлангандек, маҳаллий ишлаб чиқариш хориждан келтириладиган хомашёга боғланган. Жорий йил ёз мавсумида Россиянинг кунгабоқар экилган майдонларида кучли қурғоқчилик кузатилди. Кутилган ҳосил пайдо бўлмаслик хавфи бор. Ҳукумат захирадаги кунгабоқар пистасини имкон қадар хорижга экспорт қилмаслик таклифи билан чиқди. Бу йилги ҳосил бўйича аниқ рақамлар йўқ, бу октябрь якунида маълум бўлади. Шундан сўнг, рус ва қозоқ фермерлари писта экспортини бемалол давом эттириши мумкин. Унга қадар, фермерлар юқори нархда, таваккалчиликка қўл урмай, экспорт қилишни маъқул кўряпти. Фермерлардаги ҳадик, Россия ҳукуматининг экспортни тариф ва нотариф чекловлар билан назоратга олиши ўзбекистонлик тадбиркорлар фаолиятига таъсир қилди. Оқибатда, бозорда нарх ошди.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиёт сиёсатчиларнинг фаол аралашувини хуш кўрмайди, бунга салбий жавоб қайтаради. Уни фақат бозор бошқариши дуруст. Сенатдан мазкур қонун лойиҳасини танқидий кўриб чиқишини сўраб, фақат халқ манфаатини устун қўйишини сўраб қоламан.

Алишер Рўзиохунов

Кўпроқ янгиликлар