«Ўзбекгидроэнерго» 125 млн еврога қурилаётган Қуйи Чотқол ГЭС ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон 17:10 / 16.10.2020 5662

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Тяншань тоғ тизмаларидан оқиб ўтувчи Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭСнинг қурилиш ишлари 2019 йил август ойида бошланган бўлиб, ГЭС лойиҳаси «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилган.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 125 487,33 минг еврони ташкил этиб, улардан 47 631,17 минг евро миқдоридаги маблағни асосий гидрокучланишли ва ёрдамчи асбоб-ускуналарни харид қилиш учун йўналтириш белгиланган.

Буюртмачининг қолган харажатлари 8 995,57 минг еврога баҳоланган. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари учун 68 860,59 минг евро миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.

«Ҳозирги кунда, янги гидроиншоотда иккита янги 80 ва 100 тоннали кўприклар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий стандартлар асосида мустаҳкам барпо этилган ушбу кўприклар асрлар давомида халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилиши шубҳасиздир», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ГЭСда кўчма бетон заводи қурилган бўлиб, соатига 60 куб, кунига 400-600 куб тайёр бетон қоришмалари ГЭСда олиб борилаётган қурилиш ишларига етказиб берилмоқда. Шунингдек, қурувчилар томонидан ГЭСнинг асосий 438 метрли сув туннели битказилиб, ҳозирда бетонлаш ишлари амалга оширилмоқда.

«Шунингдек, ГЭС ҳудудида Россия Федерациясининг етакчи компанияси «Силовые машины» томонидан ГЭС учун зарур асбоб-ускуналарни бутлаш учун металл базаси бунёд этилмоқда. Мазкур базада компания томонидан келтирилган барча зарурий маҳсулотлар маҳаллийлаштириш асосида ГЭСнинг ўзида ишлов берилади ҳамда ишлаб чиқарилади», – деб маълум қилмоқда «Ўзбекгидроэнерго».

Режага биноан, Қуйи Чотқол ГЭСни 60 ой давомида, яъни 2019–2024 йилларда қуриб, эксплуатацияга топшириш белгиланган.

ГЭСда ҳар бири 19 МВт бўлган 4 та гидроагрегат ўрнатиш мўлжалланган. Иншоотнинг ўрнатилган қуввати 76 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 282,0 млн. кВт.соат га тенг. Унинг асосий асбоб-ускуналари норматив муддатларга кўра 40 йилгача хизмат қилиши мумкин, амалда эса улар 80 йилгача ҳам ишлайди.

«Яна бир ижобий томони, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 млн. м3 гача табиий газни иқтисод қилиш имкониятини беради.

Бугун 16 октябрь «Ўзбекгидроэнерго» АЖ раҳбарлари томонидан Қуйи Чотқол ГЭС қурилиш объектида навбатдаги ташкилий-амалий йиғилиш ташкил этилди. Йиғилишда янги қурилаётган ГЭСда олиб борилаётган қурилиш жараёнлари чуқур таҳлил этилди.

ГЭС ҳудудида олиб борилаётган қидирув ишлари учун замонавий геология-қидирув ишлари олиб борувчи, босим остида ишловчи ишлаб чиқариш динамик зондлаш ускунаси олиб келинди. Мазкур ускуна орқали 140-150 метр ер остидаги геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, янги ГЭС ишга туширилгач, унинг мамлакат ички ялпи маҳсулотдаги улуши ўртача 25 477,8 минг еврони ташкил қилади ҳамда 100 мингга яқин уй хўжалигини табиий жиҳатдан тоза электр энергия билан таъминлашга хизмат қилади», – дейилади «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати 16 октябрь куни Kun.uz'га тақдим этган ахборотда.

Кўпроқ янгиликлар