12 ёшли Жавоҳирнинг орзулари ушалмоқда 

Жамият 08:59 / 26.09.2020 17704

Жорий йилнинг 26 август куни Kun.uz сайтида Жавоҳир исмли боланинг сўрови билан унинг опаси Севинч Сайдуллаеванинг тиббий муолажаларини ўтказиш учун хайрия акцияси ўтказилган эди.

“Ёшим 12да. Карантин даврида жуда қийналдик. Ўзим кунлик ишга чиқаман. Одамлар нима иш берса, қилиб кетавераман. Ҳозир иш ҳам кам. Менга опам билан онам соғ-омон бўлса бўлди. Топган пулимни опамнинг дорисига ва уйга ишлатаман. Энди ишлаб, кийим олишим керак.

Қанийди, қўй-молларим бўлганида, опамни даволатиб, ўзимизга шу уйни сотиб олардим” деган эди 12 ёшли Жавоҳир.

Хайрия акцияси ўтказилган қарийб бир ойлик давр ичида Жавоҳирнинг орзулари деярли ушалди. Бугунгача саховатли инсонлар томонидан ушбу оилага 4 бош қўй, велосипед, музлаткич, электропеч, телевизор ва бошқа анжомлар, Жавоҳир учун уст-бош ҳамда оила рўзғори учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Шунингдек, хайрия акцияси доирасида бемор Сайдуллаева Севинчнинг (Жавоҳирнинг опаси) номига очилган пластик картага саховатпеша инсонлар томонидан ўтказилган 192,5 млн сўм миқдордаги пул маблағлари келиб тушди.

Фуқаро Саломат Ўрозова (Жавоҳирнинг онаси) ушбу пулларга қизини даволатиш билан бирга ўзлари яшаб турган Қирариқ (Тошкент вилояти, Тошкент тумани) маҳалласидаги хонадонлардан бирини сотиб олишни режа қилиб турганлигини маълум қилди. Суриштирувларимиз давомида маълум бўлдики мазкур ҳудудда 130 млн сўмдан 200 млн сўмгача бўлган нархларга Жавоҳирнинг оиласи орзу қилган уйни сотиб олиш мумкин экан. 

Kun.uz сайти ушбу оила номидан хайрия акциясида иштирок этиб, озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшган саховатли инсонларга ўз миннатдорлигини билдиради.

Кўпроқ янгиликлар