Tashkent City’да карантин қоидаларини бузган ҳолда тўй ташкил этган фуқаро жаримага тортилди

Жамият 15:10 / 16.09.2020 13330

Интернетда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида амалдаги санитария-эпидемиология талабларини бузган ҳолда ўтказилган тўй тадбири ҳақида маълумотлар тарқади.

Пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, фото ва видеолардаги меҳмонлар сони 50дан ошган. 

“Коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ юқори хавф шароитида бундай ишларга йўл қўйиб бўлмайди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, СЭХ ишчилари томонидан мазкур факт асосида тадбирни ташкиллаштирган 32 ёшли Воҳиджон И. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига кўра жаримага тортилди. Унга ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланди.

Ижтимоий тармоқларда ушбу тўй тадбири хонанда Воҳиджон Исоқов томонидан ташкиллаштирилгани айтилади.

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Санитария-эпидемиология талабларига жиддий қарашингизни сўраймиз. Турли маросимлар ўзингизни ва яқинларингизни ҳаётини хавф остига қўйиш учун сабаб бўла олмайди”, - дейилади ИИББ маълумотда.

Бундан олдин, Тошкентда карантин қоидаларини бузган ҳолда тўй ташкил этган фуқарога чора кўрилганди.

Кўпроқ янгиликлар