Ўзбекистонда 3,7 миллион абонент электр ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизимига ўтказилди: бу тизимда инсон омили аралашмайди

Ўзбекистон 18:05 / 16.09.2020 6300

Электр энергияни ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими орқали электр таъминотидаги кўплаб муаммоларга барҳам бериш кўзда тутилган. Жумладан, мазкур тизимни бошқаришда инсон омили кескин камаяди, электр энергияни ҳисоблашда эса бу омил мутлақо бўлмайди. Умуман, мазкур тизим соҳадаги хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги электр энергияси истеъмолчилари тўлиқ янги тизимга ўтиб бўлди. Шу муносабат билан вилоятда тизимдаги жараённи кўздан кечириш, дастлабки натижалар билан танишиш мақсадида Бухорода бўлдик.

Республика «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) бўйича ўз фикрини билдирди:

«Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ҳамда 2019 йил 9 июлдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5761 сонли фармонига асосан амалга оширилмоқда. 2021 йилнинг дастлабки ярмига қадар республика бўйича 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчилар барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши белгиланган.

Бугунгача мамлакат бўйлаб жами истеъмолчиларнинг ярми янги тизимга уланган. Яъни республика бўйича 70 дан ортиқ туман ва шаҳарларда 3,7 миллион абонентга АСКУЭ тизими орқали электр таъминоти хизмати кўрсатилмоқда.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, янги тизимда электр таъминоти ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатлар сони 15 бараварга қисқарди. Бунинг сабаби, янги тизимда дебитор қарздорликнинг ўзи бўлмайди, истеъмолчи ҳисобида маблағ қолмаса ақлли ҳисоблагич автоматик тарзда ўзи тармоқдан узилади. Қачонки истеъмолчи тўловни амалга оширса яна ишга тушади. Натижада соҳада дебитор қарздорлик кескин камайгани кузатилди. Ҳисоб-китобнинг автомат тарзда аниқ амалга оширилиши ҳам турли тушунмовчилик ва эътирозларга барҳам бермоқда», дейди Жаҳонгир Обиджонов.  

Сиз кўриб турган суратда Бухоро вилоятининг барча ҳудудидаги энергия таъминоти ҳолатини кузатиб туриш мумкин.

Худди шу ускуналар ёрдамида электр истеъмоли автоматик тарзда ҳисоблаб борилади.

Умуман, янги тизимда ҳисоблагичлар 20 дан ортиқ функцияларни амалга ошира олади. Маълумотларни сохталаштиришнинг эса имкони йўқ. Ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказилса, у дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Юқоридаги марказий базадан туриб ҳаттоки қаерда ноқонуний уланиш содир этилаётганини аниқлаш мумкин. Чунки шундай ҳолат юз берса автоматик тарзда базага хабар келади. Унинг яна бир қулайлиги, мобил банкинг ва бошқа тўлов хизматларидан фойдаланиш мумкин.

«Автоматлаштирилган тизимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — бунда инсон омили иштирок этмайди. Шу сабабдан тасодифий хатоликлар юз бериши мумкин эмас. Истеъмолчининг ҳисобида маблағ тугадими, автоматик равишда узилади. Яна бир энг қулай томонларидан бири, мана шу марказий бинодан туриб қаерда авария содир бўлганини кузатиш мумкин. Ўша вақтнинг ўзида сигнал етиб келади ва авария гуруҳи воқеа жойига етиб бориб муаммони бартараф этади» дейди Бухоро вилоят электр тармоқлари корхонаси АСКУЭ етакчи муҳандиси Бахтиёр Қодиров.

Янги тизимнинг иш жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоронинг чекка туманларидан бири Қоракўлда бўлдик.

Тумандаги «Саид Мед Сино» хусусий диагностика даволаш маскани раҳбари, тадбиркор Мардон Ҳайдаровнинг айтишича, янги тизим ўрнатилгач,  электр сифати меъёрий ҳолатга келган. Ҳисоблагичда маблағ тугашидан бир-икки кун олдин, тадбиркорнинг қўл телефонига бу ҳақда хабар келади ва олдиндан яна тўлов амалга оширилади.

Истеъмолчилардан бири Бозор Рамазонов эса илгари аҳоли учун энг қийини электр сарфи учун маблағни тўлаш ва айниқса аниқ қарз миқдорини билиш бўлганини айтди. Энди эса маблағ  телефон орқали уйда ўтириб ҳам тўлаб қўйилади. Ҳисоб-китобда чалкашлик йўқ.

Туманда 36 минг нафар истеъмолчиларнинг барчаси АСКУЭ тизимига уланган. Туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи ўринбосари Одил Шукуровнинг билдиришича эса, туман ЭТКда истеъмолчилар учун электр энергияси сарфи билан боғлиқ ҳар қандай маълумотлар шаффоф тарзда кўрсатиб беради. Бу АСКУЭ тизимининг имкониятларидан бири. Мана шу шаффоф тизим ҳар қандай низо ва тушунмовчиликларнинг олдини олади. Қарздорлик муаммоси бу тизимда бўлмайди. Энг муҳим яна бир жиҳатлардан бири илгари дебитор қарзи кўпайиб кетган хонадон учун бутун кўча ёки маҳалла тармоқдан узилиши мумкин бўлса, ҳозир фақат индивидуал тарзда тармоқдан узилади. Буни ускуналарнинг ўзи амалга оширади.

Янги тизим дебитор қарздорликка бутунлай барҳам бериш, электр энергияси таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, энергия йўқолишини кескин қисқартириш ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш имконини беради.

Кўпроқ янгиликлар