Олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахслар фаолияти фош этилди

Ўзбекистон 11:29 / 16.09.2020 4847

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда маҳкама хабарида айтилади.

Тадбир давомида, Олтинкўл тумани ихтисослаштирилган мактаб интернати жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ғ.Д. ОТМларга бўлаётган имтиҳон жараёнларида абитуриентларнинг ишончига кириб, уларни ўқишга киритиб қўйишга ишонтириш орқали даромад орттириб қолиш мақсадида, фуқаро Г.М.ни Андижон давлат университетининг “Жисмоний тарбия ва спорт” факультетига университет раҳбарияти орқали ўқишга киритиб қўйишга ишонтириб, эвазига ундан 4 300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Бувайда туман бўлими ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, тумандаги умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси И.М. фуқаро М.Б. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро А.нинг қизини танишлари орқали Наманган давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланганлар.

Департаментнинг Уйчи туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, Наманган Давлат Университети ўқитувчиси А.С., фуқаро Р.ни университетнинг “Педагогика ва психология” йўналиши бўйича танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 800 АҚШ доллари беришни талаб қилиб, олдиндан “Бўнак” сифатида 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва ИИВ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Г.М. фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида фуқаро Т.А.нинг ишончига кириб, унинг синглиси Г.Х.ни Қорақалпоқ медицина институтига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар