Фарзандларини уришиб берган тарбиячи ҳақида расмий маълумот берилди. Унга интизомий жазо чораси қўлланилган

Жамият 12:39 / 08.08.2020 89144

Жорий йил 26 июль куни ижтимоий тармоқларда машғулотни тасвирга олишга халақит бераётган фарзандларини уришаётган тарбиячи акс этган видеоролик тарқади.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан роликдаги аёл Наманган вилояти, Чортоқ тумани 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Ҳ.Н. эканлиги аниқланди.

Ҳ.Н. 1982 йилда туғилган, маълумоти олий. Мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаб келади. Ўтган давр мобайнида у томонидан ҳеч қандай ножўя ҳаракатлар амалга оширилмаган ва иш берувчи томонидан ижобий таърифланади. Карантин шароитида Ҳ.Н. масофадан ўқитиш усулини ўзлаштирган ҳолда, бир неча ой мобайнида, ҳафтасига 4-5 мартадан тарбияланувчилар учун видеомашғулотлар ўтиб келган.

Ёз мавсуми бошланиши МТТларда соғломлаштириш даври ҳисобланиб, тартибга кўра бу вақтда фаол таълим жараёни тўхтатилади. Аммо бир неча ташаббускор тарбиячилар, улар қаторида Ҳ.Н. ҳам, тарбияланувчиларнинг бўш вақти мазмунли ва фойдали ўтиши учун видеомашғулотларни давом эттиришга қарор қиладилар, дейилади маълумотда.

Жорий йил 15 июль куни уй шароитида видеомашғулотни ёзиб олиш жараёнида Ҳ.Н. ўз фарзандларини тарбиячи касбий этикасига зид равишда қўпол тарзда койиб ташлайди. Бу ҳолат акс этган ролик кейин тайёрланган видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ «Телеграм» гуруҳига жойланади ва тезда ўчириб ташланади. Шунга қарамай янглиш жойланиб, ўчирилган ролик орадан 11 кун ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.

Ҳолатни ўрганиш жараёнида ўша куни Ҳ.Н. видеомашғулотни бир неча марта ёзиб олишга урингани маълум бўлган. Аммо иш билан уй вазифаларини бир вақтда бажариш мажбурияти, жумладан болалар хархашаси ҳиссий мувозанатдан чиқиб кетиши, натижада назоратни йўқотган ҳолда овозини баландлатишига сабаб бўлган.

Бу воқеа Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими ҳамда Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва маълум хулосаларга келинди.

Тарбиячи Ҳ.Н. касбий этика қоидаларини бузгани учун унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Карантин якунланиб, МТТлар фаолияти тиклангач 7-сонли МТТ ҳамда Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими томонидан бу тарбиячининг педагогик фаолияти мониторинг қилиб борилиши белгиланди. 7-сонли МТТ раҳбарига эса огоҳлантириш берилди.

Туман МТБга ўзига тегишли ҳудудда масофадан мактабгача таълим хизматини кўрсатиш жараёни устидан кузатишни кучайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мактабгача таълим тизими ходимлари учун қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилди.

“Ҳурматли ҳамюртлар! Мактабгача таълим вазирлиги болаларга нисбатан ҳар қандай қўпол муносабатга қарши эканлигини маълум қилади. Шунингдек, аҳоли орасида коронавирус пандемияси натижасида асабийлашиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани сабабли барчангизни бир-бирингизга нисбатан сабрли бўлишга чақирамиз. Шу билан бирга, сизлардан ўзи учун янги ва ноодатий бўлган - масофадан таълим жараёнини олиб бораётган педагогларимиз шароити ва ҳолатини тушунишга ҳаракат қилишингизни сўраймиз”, - дейилади вазирлик изоҳида.

Кўпроқ янгиликлар