Зеленский Лукашенкодан «вагнерчилар»ни топширишни сўради

Жаҳон 21:54 / 05.08.2020 16199

«Умид қиламанки, Украина ҳудудида террорчилик фаолиятида гумон қилинганларнинг барчаси амалдаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун бизга топширилади», деб ёзган Зеленскийнинг ўзи ҳам твиттерда.

Ўзаро суҳбат давомида ҳар икки президент июль ойи охирида Беларусда қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирганликда гумонланиб, Минск яқинида қўлга олинган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига алоқадор бўлган одамлар билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилишган.

«Ўзаро суҳбат чоғида ҳар икки давлатнинг ваколатли органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг, хусусан, Беларусь ҳудудида террорчилик фаолиятида гумон қилинган шахсларни Украинага топшириш муҳимлиги қайд этилди», дейилади хабарда.

Беларуснинг БелТА давлат агентлиги ҳар икки президент ўртасида бўлиб ўтган суҳбатда Минскда қўлга олинган россияликларнинг Украинага топширилиши масаласи муҳокама қилинганини тасдиқлаган.

«Ўз навбатида Александр Лукашенко, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари бу масала бўйича Россия ва Украина билан имзоланган халқаро шартномалар доирасида ҳамкорлик қилишини таъкидлади», дейилади БелТА хабарида.

29 июль куни Минск яқинида «Вагнер» ХҲК ходимлари бўлган 33 нафар россиялик ҳибсга олинган. Беларусь давлат хавфсизлик кенгашининг котиби Андрей Равковнинг маълум қилишича, қўлга олинганларнинг айримлари украин миллатига мансуб ва улар Украина фуқаролигига эга. Расмий Минскнинг маълум қилишича, ҳибсга олинган россияликлар «сайлов кампанияси пайтида вазиятни издан чиқариш учун» Беларусга келган.

Украина бош прокуратураси 31 июль куни Беларусда ҳибсга олинган россияликлардан 28 нафарига, улар орасида 8 нафари Украина фуқароси ҳам ҳисобланади, «террорчилик ташкилотига алоқадорлик» моддаси бўйича айблов эълон қилди ва Минскдан уларни Украинага топширишни сўради. Украина бош прокуратураси баёнотига кўра улар «Донбассдаги қуролли можароларда иштирок этиш билан боғлиқ жиноятлар учун» жавобгарликка тортилиши лозим.

Беларусь расмийларининг маълум қилишича, ҳибсга олинган россияликлардан 14 нафари Донбасс ҳудудида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Ҳибсга олинганларнинг барчаси теракт тайёрлашда гумон қилиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Расмий Москва Беларусда қўлга олинган Россия фуқароларининг Туркияга учиб кетмоқчи бўлганини айтган. Лукашенко эса Москванинг изоҳини «ёлғон ва афсона» деб атаган.

Украина Россияни Донбассдаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаб келишда айблайди. 2014 йилдан бери бу ҳудудда Украина армияси ва айирмачилар ўртасидаги қуролли можароларда 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Россия томони Украинанинг айбловларини тан олмайди ва Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун россиялик ҳарбийлар юборилаётгани ҳамда айирмачиларга қурол-яроғ етказиб берилаётганини рад этиб келади.

Кўпроқ янгиликлар