Жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун хориждан олиб келиши мумкин бўлган дори ва тиббий буюмлар миқдори ҳақида маълумот берилди

Жамият 15:04 / 05.08.2020 2647

Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда долзарб саволларга жавоб қайтарди.

Тадбирда хориждан чартер рейслар орқали кириб келаётган фуқаролар ўзлари билан шахсий фойдаланиши учун қанча миқдорда дори воситалари ва тиббий буюмларни олиб кириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сон «Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига мувофиқ:

Яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан қуйидагилар жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб ўтилиши мумкин:

  • турли номдаги 10тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари;
  • 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмлар.

Бунда бир ўрамда:

  • қаттиқ (таблеткалар, дражелар, гранулалар, кукунлар, капсулалар) дори шакллари учун — 100 бирликдан ортиқ эмас;
  • эритма тайёрлаш учун қўлланадиган кукунлар учун — 500 граммдан ортиқ эмас;
  • гранула шаклдаги гомеопатик дори воситалари учун — 50 граммдан ортиқ эмас;
  • инфузион эритмалар ва орал (оғиз орқали) қўлланадиган эритмалар учун — 500 миллилитрдан ортиқ эмас;
  • инъекциялар учун эритмалар — 10 ампуладан ёки 10 флакондан ортиқ эмас;
  • ташқи дорилар учун — 200 миллилитрдан ёки 200 граммдан ортиқ эмас.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.

«Дори воситаларини юқорида кўрсатилганидан ортиқ миқдорда олиб кириш ва олиб чиқишда жисмоний шахслар божхона органларига бўлиш ёки яшаш мамлакатининг тиббиёт муассасасидан унинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган дори воситасининг номини, унинг доривор шаклини ва даволаш курсига тавсия қилинган миқдорини кўрсатган ҳолда муайян жисмоний шахсга берилган ҳужжатни тақдим этадилар», деди қўмита бошқарма бошлиғи.

Кўпроқ янгиликлар