«Бола пули» олиш муддати узайтирилган фуқаролардан ҳеч қандай қўшимча ҳужжат талаб этилмайди — вазирлик

Ўзбекистон 17:41 / 01.08.2020 24126

Бу ҳақда президентнинг 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аҳрор Ғуломовнинг сўзларига кўра, нафақа олиш муддатини узайтириш учун ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди.

«Фармон билан июль-сентябрь ойларида нафақа тўлаш муддати тугайдиган оилалар учун нафақа олувчилардан ҳеч қандай қўшимча ҳужжатлар талаб этмасдан, нафақа олиш муддати яна 6 ойга узайтирилиши белгиланди.

Июль ойида нафақа олиш муддати тугаган оилалар август ойи учун нафақа тўлаш рўйхатидан тушиб қолиши мумкин эмас. Фақатгина фарзанди 2 ёки 14 ёшга тўлса, улар учун ўз-ўзидан автоматик равишда нафақа тўлаш тўхтатилади», – деди вазирлик вакили 1 август куни АОКАда ўтган брифингда.

Маълумот учун, бола парвариши бўйича нафақа (2 ёшгача) ва болали оилаларга нафақани (14 ёшгача) — ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (ҳозирги кунда 679 330 сўм)нинг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилалар олиши мумкин.

2 ёшгача бўлган бола парвариши учун оналарга нафақа 12 ойга, болали оилаларга нафақа 6 ой муддатга тайинланади.

Кўпроқ янгиликлар