ДХХ уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди

Жамият 11:49 / 31.07.2020 16275

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятларида яшовчи 18 нафар шахсдан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатларига киритилган дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи мазкур гуруҳ аъзоларидан “қора бозор” нархида умумий қиймати 3,2 млрд. сўмдан зиёд бўлган 28.560 дона “Трамадол” таблеткаси, 7000 дона “Тропикамид” флакони, 35.700 дона “Лирика”, 3.920 дона “Регапен” ва 5.600 дона “Перге” капсулалари мусодара қилинди. Шунингдек, 4.300 АҚШ доллари процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Жиноят қуроли сифатида 1 та “Малибу”, 3 та “Ласетти” ва 1 та “Нексия” автомашиналари олиб қўйилди.

Гуруҳ аъзолари 1977-1994 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улардан 2 нафари аёл ҳамда 5 нафари муқаддам судланган шахслардир.

Ушбу дори воситалари асосан Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан мамлакатга олиб кирилган.

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар