Kun.uz'да янги лойиҳа. Илк суҳбатдош – Висенте дель Боске

Спорт 12:06 / 28.07.2020 22118

Kun.uz янги лойиҳа бошлади. Унда мухлисларга испан футболига оид қизиқарли кўрсатувларни тақдим этиб борамиз. Лойиҳанинг илк сонида Испания миллий жамоси билан жаҳон ва Европа чемпионлигини қўлга киритган, «Реал»ни ЕЧЛ чемпионлигига олиб борган, дунё футболининг афсонавий мураббийи Висенте дель Боске билан суҳбатлашдик. Мураббий вақт ажратиб бизнинг саволларимизга жавоб берди.

«Реал» бу мавсумда қандай чемпион бўлди?

Умрининг 30 йилини «Реал» клубига бағишлаган дель Боске билан суҳбатимизни табиийки «Реал» ҳақидаги савол билан бошладик. Мураббий собиқ жамоаси жорий мавсумда қандай қилиб чемпионликни қўлга киритгани ҳақида гапирди: «Ла Лигани пандемиядан олдинги ва кейинги даврга бўлиш мумкин. «Реал» рестартдан кейин 10та ўйинда ғалаба қозониб, ҳақли тарзда чемпион бўлди», деб қисқагина жавоб берди мураббий шогирди Зидан мураббийлигидаги жамоа чемпионлигига.

Фото: Reuters

Висенте дель Боске фаолияти давомида миллий жамоадаги ишидан кўпроқ мамнун бўлганми ёки клубдаги фаолиятиданми? Бу ҳақда мураббий шундай деди: «Футболчилик фаолиятимни якунлагач, бутун умримни «Реал»да болалар мураббийи бўлиб ўтказсам керак, деб ўйлардим. Очиғи, бошида ўзимни профессионал мураббий сифатида тасаввур қилолмасдим. Кутилмаганда «Реал» бош мураббийи истеъфога чиқарилди ва мен вақтинча мураббий бўлдим. Болалар футболида 7 йил давомида яхши мутахассис бўлиб етишдим деб ўйлайман. Профессинал мураббийликда ҳам 4 йил «Реал»да, 1 йил «Бешиктош»да, 8 йил миллий жамоада ёмон ишламадим. Мендан сиз яхши футболчи бўлганмисиз ёки яхши мураббий деб сўрашса, шубҳасиз, яхши футболчи деб жавоб бераман», деди мураббий.

Испан мураббийлари эволюцияси

Дель Боске миллий жамоа ва клуб мураббийи бўлишнинг фарқини тушунтирди: «Миллий жамоада футболчилар жуда қисқа вақт давомида бизнинг ихтиёримизда бўлишади. Қисқа вақтда уларни клубдаги каби тайёрлашимиз керак бўлади. Биринчидан, миллий жамоада футболчилар билан шахсий муносабатни йўлга қўйиш керак, иккинчидан аҳил жамоани шакллантириш ҳам муҳим. Миллий жамоага қайси клубдан кўпроқ футболчи келгани ҳам аҳамиятли. Чунки тайёргарлик жараёнида қайси клубдан футболчи кўп бўлса, шундан келиб чиқиб режа ишлаб чиқилиши мумкин.

Кўпчилик миллий жамоага ўша вақтда энг яхши спорт формасида бўлган футболчилар чақирилиши керак деб ўйлайди, лекин бу фикрга қўшила олмайман. Чунки миллий жамоада давомийлик бўлиши керак. Ҳар йиғинга ҳар хил футболчилар келаверса, якдил жамоа йиғиш қийин бўлади», дейди Висенте дель Боске.

Фото: El Confidencial

АПЛда саноқли инглиз мураббийлар ишлаётган бир вақтда Ла Лигада 15-17 нафар маҳаллий мураббий ишламоқда. Испан мураббийлар бугун дунёнинг кўплаб кучли чемпионатларида муваффақиятли ишламоқда. Дель Боске испан мураббийларининг устунликлари ҳақида гапирди: «Испания футбол федерациясида мураббийлар тайёрлаш жуда тўғри йўлга қўйилган. Бугун Испаниянинг юқори дивизионидан бошлаб қуйи лигаларигача испан мураббийларининг дастхатини кўриш мумкин ва бу жуда яхши. Олдинлари испан мураббийлар хорижда ишлашмасди, лекин охирги йилларда Хосеп Гвардиола, Кики Санчес Флорес, Хулен Лопетеги, Рафаэль Бенитес каби мураббийлар хорижда ҳам яхши натижалар қайд этишди».

Дель Боске Осиё ҳамда Европа футболи ўртасидаги фарқни қисқа ва аниқ қилиб тушунтириб берди: «Ҳозир футбол ривожланмоқда ва уни минтақаларга ажратиш керак эмас деб ўйлайман. Осиёлик футболчилар жисмоний ва техник жиҳатдан европалик футболчилардан қолишмаслиги мумкин, лекин улар ўйинни тушуниш ва тактика борасида европалик футболчилардан бироз орқада. Аммо бу фарқ футболдаги глобаллашув фонида камайиб бормоқда».

Испания қандай қилиб дунё футболи гегемонига айланди?

2008 йилдан бошлаб Испания футболи дунёда гегемонга айланди. Дель Боске бу қандай содир бўлганини тушунтирди: «Бунга кўп омилларни сабаб қилиб келтириш мумкин. Хусусан, олдинроқ гаплашганимиз мураббийлар тайёрлашни. Испан мураббийларининг хорижда ишлаши бизга ёрдам берди. Ўзи мураббийликда ҳеч қандай чегара бўлмаслиги керак. Масалан, менинг мураббий бўлишимга югославиялик мураббийлар сабабчи бўлишган. Испания футболининг ривожланишида ташкилий масалалар, шифокорлар, физиотерапевтлар ва бошқа омилларни ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси йиғилиб Испанияда ажойиб футбол маданиятини шаклланди. Натижада 2008 йил Луис Арагунес бошчилигида юксак техникали футболчилардан иборат миллий жамоа тузилди».

Дель Боске «Реал» ва «Барселона» футболчиларини қандай қилиб битта аҳил жамоада бирлаштира олганини тушунтирди: «Биласизми, бу икки жамоанинг рақобатидан испан футболи фақат ютди. Улар миллий жамоага келганда миллий жамоа манфаати учун рақибликни унутиши кераклигини, миллий жамоанинг ғалабаси ҳамма учун фойдали бўлишини тушунтиришга уриндик ва кўп ҳолларда буни уддаладик».

Висенте дель Боскенинг айтишича, миллий жамоага бир жамоадан кўпроқ футболчининг чақирилиши жуда яхши. Чунки улар иштирокида жамоавий ўйинни шакллантириш осон кечади: «Бу жуда яхши, чунки улар миллий жамоага тайёр ҳолда келади. «Барселона», «Реал», «Атлетико», «Валенсия» каби клубларда футболчиларнинг техникаси ва даражаси бир-бирига яқин бўлади. Гранд жамоалар ҳужум қилаётганда кичик бўш зоналарга ҳужум қилишга, ҳимояланаётганда эса катта ҳудудни ҳимоялашга одатланган бўладилар. Ўйин вақтидаги 4-4-2 каби схемаларни расмлардагина кўришимиз мумкин, майдонда эса улар ўзгариб боради.

Гранд жамоалар қаттиқ ҳимояланадиган жамоаларга қарши ўйнашга одатланган бўлишади, мақсад – қандай қилиб бўлса ҳам ҳимояни ёриб ўтиш. Шу сабаб катта жамоалар футболчиларининг даражаси бир-бирига яқин бўлади. Бир клуб футболчиларининг миллий жамоа асоси бўлиши бизнинг ўйин қуришимиз учун қулай эди. Футболда тактик билимлар жуда муҳим усиз ўйин тузиб бўлмайди. Ўз навбатида аҳил жамоа тузиш энг мураккаб жараён. Мен ажойиб ва энг зўр футболчилар авлодини бошқариш бахтига муяссар бўлганим учун бу борада муаммога дуч келмаганман», дейди мураббий.

Ҳужумчисиз голлар ёғдириш санъати

Испания 2012 йил Европа чемпионатида деярли соф ҳужумчисиз ўйнаб, чемпион бўлганини эсласангиз керак. Мураббий фаолиятидаги тактик ўзгаришлар ҳақида гапириб берди: «Фаолиятим давомида кўплаб тактик услубларни қўллаганман. Масалан, «Реал» билан «МЮ»га қарши ўйнаганимизда. Ўшанда уларда чап қанотда Гиггз, ўнг қанотда адашмасам, Бекҳэм ўйнаган. Улар ўз қанотидан кўп ҳужум қилишарди. Ўшанда уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаб, ғалаба қозонганмиз. 2000 йил «Валенсия»га қарши ЕЧЛ финалида ҳам тактик ўзгаришлар сабаб ғалабага эришганмиз. Баъзан мен ҳам 4-4-2 тактикасидан фойдаланганман.

Соф ҳужумчисиз ҳам ўйнаганман. Испанияда Вилья ва Торрессиз ўйнаган ўйинларимиз энг яхшилари бўлган. Масалан, 2012 йилги Европа чемпионати. Ўшанда бизда ҳужумчи ролида Иньеста, Давид Силва ва Фабрегас пайдо бўларди. Уларда аниқ позициянинг ўзи йўқ эди. Биз ҳужумчисиз ўйнаганда кўпроқ имкониятларга эга бўлардик. Ўшанда соф ҳужумчисиз ғалаба қозонмаганимизда қандай танқид қилишларини тасаввур қилаверинг».

Фото: FIFA

Испания 2010 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлгани ёдингизда. Ўшанда «Қизил фурия» мусобақани Швейцарияга қарши мағлубият билан бошлаганди. Мураббий ўша биринчи ўйиндан кейин нималар бўлганини тушунтирди: «Биз саралашнинг барча 10 ўйинида ғалаба қозондик ва дунё бизнинг услубимизни тан олди. Биринчи ўйиндан кейин кўп ўйладим, қаерда хато қилаётганимни таҳлил қилдим. Йигитлар билан ўйиндан кейин вазиятларни таҳлил қилдик ва 9та голли вазиятдан фойдалана олмаганимизни санадик. Футболчиларга барчаси кутилмаган натижа бўлганини тушунтирдим ва уларга ишончимни кўрсатиш учун иккинчи ўйинда фақат битта ўзгариш қилдим. Агар ўшанда 6та ўзгариш қилганимда футболчиларда ишончсизлик уйғонгандек бўлиши мумкин эди. Мен фақат Давид Силва ўрнига Фернандо Торресни туширдим. Бундан ташқари Иньеста жароҳат сабаб иккинчи ўйинни ўтказиб юборганди».

Футболдаги катта эволюциялардан бирида шахсан қатнашган маэстро дель Боске футболни келажакда кутаётган эволюциялар ҳақида гапирди: «Ҳозир футболда дарвозабонларнинг оёқ билан ўйнаши ривожланиб бормоқда. Ҳужумни айнан дарвозабон бошлашига кўп эътибор берилмоқда. Шунингдек, қанот ҳимоячилариннг ўрни ошиб бормоқда. Бундан ташқари рақиб жарима майдончасига кириб бориш учун камроқ тўпга тегинишга эътибор беришмоқда. Ўйлашимча, мана шу уч йўналишда эволюция давом этади».

Ўзбекистонга тавсиялар

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳали жаҳон чемпионатига чиқмаган. Бу мусобақада икки марта қатнашиб, бир марта чемпион бўлган дель Боске мундиалга чиқиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида фикр билдирди: «Бу учун аввало яхши мураббийлар тарбияланиши керак. Ўз навбатида улар кучли футболчиларни тарбиялайди. Шунингдек, кучли футбол мамлакатларининг тажрибасини ўрганиб, кўр-кўрона кўчирмаган ҳолда улардан намуна олиш орқали ўз услубини ишлаб чиқиш керак. Футболни ривожлантиришнинг ягона «сеҳрли формуласи» мавжуд эмас. Бу учун ишни болалар футболидан бошлаш керак», дейди дель Боске.

Фото: KUN.UZ
Висенте дель Боске

Дель Боске билан суҳбатлашиб, ундан Флорентино Перес ҳақида сўрамаслик мумкинми? Йўқ, албатта. Дель Боске ўз вақтида у билан бирга ишлаган Перес ҳақида гапирди: «Перес «Реал»нинг ҳар қандай раҳбарлари каби клубни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. У бу борада катта муваффақият қозонган. Мен 30 йилдан узоқроқ «Реал»да ишладим, шу боис бу жамоа ҳақида ёмон фикр билдира олмайман».

Кўпроқ янгиликлар