«70-80 фоиз ҳолатда касаллик симптомсиз кечмоқда» - Анвар Алимов касалланиш занжирини узиш зарурияти ҳақида гапирди

Ўзбекистон 15:39 / 08.07.2020 57358

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов аҳолидан карантин чекловлари қайтарилишини тўғри тушунишга чақирди.

«Карантинни менсимаган давлатлар, хусусан, Европа давлатлари 2-3 ҳафтага кечикди. Шунинг учун бугунги ҳолатда карантинга қайтиш касаллик авж олишининг олдини олишга қаратилган бўлиб, буни халқ тўғри тушуниши керак. Ижтимоий объектлар ёпилади ва чекловлар кучайиши мумкин, лекин бу халқ соғлигини ўйлаб қилиняпти. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб ташкил этилган карантин зоналари ЖССТ томонидан ҳам эътироф этилди. Бироқ ҳозир касалланаётганлар сони имкониятларимиздан кўп», дейди у. 

Анвар Алимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг 5 фоизида касаллик оғир босқичда кечмоқда.

«Ўзбекистонда касаллиниш ҳолатлари кўрсаткичи бир ҳафта олдин 100 минг аҳолига 25 киши тўғри келаётганди. Бир ҳафта ичида бу кўрсаткич 35га яқинлашди.

Дунё бўйича ўлим кўрсаткичи умумий 5 фоиз, Европада 12 фоиз, АҚШда 9 фоиз, Россияда 1,5 фоиз, Ўзбекистонда 0,3 фоизни ташкил қилмоқда. 

Коронавируснинг гриппга нисбатан ўлим кўрсаткичи 10 баравар юқори. Грипп ва бошқа ОРВИ касалликларида 98 фоиз ҳолатда хасталик ташқи симптомлар билан кечса, коронавирусда 70-80 фоиз ҳолатда симптомсиз кечмоқда. Касаллик Ўзбекистонда 5 фоиз ҳолатда оғир босқичда кечмоқда», деган у.

АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида тиббиёт тизимига тушаётган юклама бошқа касалликларга чалинган беморларга ёрдам кўрсатишни қийинлаштираётганини таъкидлаб ўтилди.

«Ўзбекистонда тиббиёт йўналишига кетаётган харажатлар 1 трлн сўмдан ошиб кетди. 1 млн 200 мингдан ортиқ ташхис қўйиш тестлари ишлатилди. Республикада мавжуд касалхоналар жами ўрин фондларининг 12 фоизи фақатгина коронавирус беморлари учун ажратилган. Хусусан, юқумли касалликлар, кўп тармоқли катталар шифохоналари, кўп тармоқли болалар шифохоналари, туманлардаги реабилитацион бўлимлар, ихтисослашган касалхоналар, жумладан, 4та эндокринология шифохонаси коронавирус беморларини қабул қилмоқда.

Касаллик кўрсаткичларининг бундай ошиши тиббиёт тизимига юкламани шунчалик ошириши мумкинки, тиббиётнинг бошқа йўналишлари – кардиология, онкология ва бошқа йўналишлардаги касалликларга эътибор сусайиши, уларга ажратилган ўринларнинг ҳам коронавирусни даволаш учун берилишига сабаб бўлади, натижада бошқа касалликларнинг оғир кечиши, сурункали шаклга ўтиши эҳтимоли ошади.

Агар карантин қоидаларини бутун республика бўйича 20 кунга жорий этсак, касалланиш занжирини 95-98 фоизга узамиз. Ҳозир қанақа бўляпти? Ҳар куни эшитамиз, у бозор ёпилди, бу бозор ёпилди, деган гапни. Аммо занжир узилмаяпти. Бозор 10 кун ёпилади, кейин 1 ҳафта ишлайди, занжир узилмайди.

Ҳаёт кўрсатяптики, корхоналарга карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ишлашга рухсат берилиши занжир узилишини таъминлай олмаяпти», деди у.

Кўпроқ янгиликлар