Ташқи ишлар вазирига яна бир ўринбосар тайинланди

Ўзбекистон 18:37 / 29.05.2020 10801

Ўзбекистон президент қарори билан Фурқат Аҳмедович Сиддиқов Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

У 2015 йилдан буён Ўзбекистоннинг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Қайд этиш керакки, бу Ташқи ишлар вазирлигида шу йилнинг ўзида бешинчи тайинлов бўлмоқда.

Шу йилнинг февраль ойи охирида 2018 йилдан буён Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Илҳом Неъматов лавозимидан озод этилиб, Ташқи ишлар вазири ўринбосарига айланганди. Унинг ўрнига Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарҳод Арзиев Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосарига айланди.

Март ойида Австриядаги элчи Шерзод Асадов Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Апрель ойида эса Ўзбекистоннинг Германиядаги дипломатик ваколатхонасида бош консул бўлиб ишлаб келган Эркин Ҳамроев ТИВ раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллади.

Абдулазиз Комиловнинг яна бир ўринбосари Дилшод Ахатов 2018 йил майидан буён лавозимида ишлаб келмоқда.

Кўпроқ янгиликлар