Президент сайлов тизими бўйича янги фармон имзолайди

Ўзбекистон 08:57 / 23.05.2020 23688

Президентнинг “Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази томонидан таклиф қилинган сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ва сайлов натижалари таҳлиллари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришга қаратилган миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилиги конституциявий тамойилини янада қарор топтириш;

замонавий ахборот коммуникация ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш орқали сайлов комиссияларининг очиқлигини таъминлаш, сайлов соҳасида давлат интерактив хизматларини йўлга қўйиш, сайлов қонунчилиги бузилишини олдини олишга қаратилган чораларни қўллаш;

миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини халқаро сайлов стандартлари асосида доимий ва узлуксиз такомиллаштириб бориш мақсадида сайлов соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

сайлов жараёни иштирокчиларининг билим ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, сайлов комиссияларининг кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг ривожланган хорижий давлатлар амалиёти асосида малакасини ошириб бориш, ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш;

сайлов комиссиялари моддий-техник таъминотини яхшилаш, сайлов участкалари сифатида фойдаланадиган бино ва иншоотларни сайлов ўтказиш учун олдиндан мослаштириш чораларини кўриш, сайлов жиҳозларининг эҳтиёткор сақланиб борилишини таъминлаш.

Белгиланишича:

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини янада такомиллаштириш бўйича тадбирлар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди маблағлари ҳисобидан;

идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини такомиллаштириш тегишли вазирлик ва идоралар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мақоми, моддий-маиший, транспорт ва тиббий таъминот шарт-шароитларига кўра: Марказий сайлов комиссияси раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерига; Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари – Қонунчилик палата Спикерининг ўринбосарига; Марказий сайлов комиссияси котиби – Қонунчилик палата қўмитаси раисига; Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари – Қонунчилик палата қўмитаси аъзоларига; Марказий сайлов комиссияси Котибияти ходимлари – Қонунчилик палата девонининг тегишли ходимларига тенглаштирилади.

Шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ:

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассислари учун аввалги иш жойида узоқ муддатли хизмати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар), алоҳида меҳнат шароитлари учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади;

Марказий сайлов комиссиясида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари ва ходимларининг лавозим маошига рағбатлантириш коэффициенти ҳисобга олинган ҳолда, Марказий сайлов комиссиясидаги кўп йиллик меҳнати учун 2 йилдан 5 йилгача– 0,1; 5 йилдан 10 йилгача – 0,2; 10 йилдан 15 йилгача – 0,3; 15 йилдан 20 йилгача – 0,4; 20 йилдан ортиқ – 0,5 коэффициентларда ҳар ойлик устамалар тўланади;

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассисларининг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражалар) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 30 фоиз, фан доктори (DSc) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 60 фоиз қўшимча ҳақ тўланади;

Марказий сайлов комиссиясининг ҳайдовчиларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати хўжалик фаолияти бошқармаси автохўжалигининг ҳайдовчилари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Марказий сайлов комиссияси котибиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасаларининг юқори малакали мутахассисларини фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

Марказий сайлов комиссиясининг штат бирликлари тўлдирилмаганлиги муносабати билан бўшайдиган маблағлар Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари, масъул ходимлари ва мутахассисларини мукофот кўринишида моддий рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар