ЖЧ-2022 қолдириладими? ФИФА вакили жавоб берди

Спорт 07:17 / 10.05.2020 10095

2022 йил Қатарда ўтказилиши режалаштирилган жаҳон чемпионати бошқа муддатга қолдирилиши кўриб чиқилмаяпти. Бу ҳақда Россиянинг РИА Новости агентлиги мухбирига ФИФА вакили маълум қилган.

Манбада айтилишича, ФИФА йиғилиб қолган ўйинларни қулай муддатда ўтказиш учун аъзолар билан маслаҳатлашган ҳолда ечим топади: «Пандемия вақтида футбол жамоатчилиги бирдамлик кўрсатмоқда ва ФИФА бу коронавируснинг футболга таъсирини камайтиришига ишонади», деб ФИФА вакилининг сўзларини келтирган РИА Новости. 

Агентликнинг суҳбатдоши 18 март куни ФИФА томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилгани, бу гуруҳ пандемия вақтида қандай ҳаракатланиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиққани ва хусусан, халқаро ўйинлар календари бўйича ишлаётганини маълум қилган.

Маълумот учун, коронавирус пандемияси сабаб ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари тўхтатиб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоасининг Яман (31 март), Сингапур (4 июнь) ва Саудияга қарши (9 июнь) ўйинлари номаълум муддатга қолдирилган. Саралашнинг «D» гуруҳида қатнашаётган Ўзбекистон 9 очко билан ўз гуруҳида етакчилик қилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар