ПФЛ вакили Суперлига қачондан давом этиши, қайси турнирдан воз кечилиши ва ТВ-трансляциялар ҳақида

Спорт 15:55 / 29.04.2020 8861

ЎзПФЛ карантин вақтида нима қилди?

Карантин эълон қилинишидан уч кун олдин бизнинг Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорлигимиз расмий мақомга кўчганди. Бу ҳамкорлик доирасида Лойиҳа офиси ташкил этилган бўлиб, унда ҳозирча 7 киши фаолият олиб боради. Шуларнинг 4 нафари футбол соҳасидан ва яна 3 киши агентликдан.

Агентлик билан ҳамкорлик давлат улуши бор корхоналар томонидан молиялаштириладиган 13 футбол клубини босқичма-босқич хусусийлаштириш ишларини қамраб олади. Карантин давомида бу иш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. 13 футбол клуби бош директорлари билан доимий алоқада бўлиб турилибди. Бироқ масофадан ишлаш барибир ноқулайликлар туғдиради. Карантин якунлангач, бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп. 

Суперлига старти борасида нега жимжитлик?

Европа чемпионатлари қачон бошланиши ва қандай ўтказилиши юзасидан миллион хил хабарлар чиқди. Хусусан, ўзим ҳам Футбол-ТВ студиясида бу каби хабарларни ҳамкасбларим билан кўп муҳокама қилдим. Айтишим керакки, ўша тахминлар тахминлигича қолиб кетди. Чунки карантин қачон якунига етиши фақатгина Яратганнинг ўзига аён. 

Ғарбда ҳар бир кун катта пул. Телетрансляциялар катта пулга сотиб қўйилган, ҳомийлар миллиардлар ажратган, танаффус футбол клубларини инқирозга яқинлаштиряпти. Шундай экан, кунига миллионлаб хабарлар болалаши турган гап. Бизда эса вазият бироз бошқачароқ. Айтайлик, ЎзПФЛ чемпионат 1 май санасидан старт олса, тақвим қандай бўлиши ҳақида аллақачон режа ишлаб чиққанди. Бироқ энди маълумки, 1 май старт куни бўлмаслиги аниқ. Шу ва шу каби охири йўқ саволлар устига қурилган тахминларни чиқармадик. Сабаби битта — чемпионат старти ЎзПФЛга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳукуматнинг расмий рухсати керак, усиз биз ҳеч нарса қилолмаймиз ҳам, айтолмаймиз ҳам.

Режамиз борми?

Карло Анчелотти футболчилар ўз формаларини ҳаминқадар тиклаб олишлари учун икки ҳафта муддат етарли эканини айтди. Кейинроқ Вадим Абрамов жароҳатлар кўпайиб кетмаслиги учун ҳам ўша икки ҳафта кераклигини тушунтирди. ЎзПФЛ албатта мутахассислар фикрини инобатга олади. Шундан келиб чиқиб, биз 8 кун аввал ҳукуматга ўз таклифимизни бердик. Яъни, машғулотларни ёпиқ ҳолатда бошлашга рухсат берилиши тўғрисида. 

Бу қандай бўлади? Худди терма жамоа йирик турнирга тайёргарлик кўраётгани каби, ҳар бир клуб ўз базасига “қамал қилинади”. Бунда санитария талабларига тўла риоя этилади. Футболчилар базадан ташқарига чиқмайди ва фақат машғулотларни давом эттиради. Ошпазлар, фаррошлар, шифокор, массажист, мураббийлар ва жамоа барчаси шу базада маълум муддат истиқомат қилади. Бу ҳолат бизга вақтдан ютиш имконини беради. Яъни, карантин якунланса, футболчилар ўз формасини анча тиклаб улгурган бўлади.

Карантиндан сўнг учрашувлар маълум муддат мухлисларсиз ўтказилади. Фақат битта шарт билан — учрашувларнинг барчаси албатта жонли намойиш этилиши керак. Бу биринчи навбатда ЎзПФЛ ҳамда клублар томонидан имзоланган ҳомийлик шартномалари шартларини ҳимоя қилади, иккинчи навбатда мухлислар учрашувларни бевосита кўра олиш имконига эга бўлади ва табиийки, шаффофлик юзага чиқади. Учинчи томондан эса Европанинг бир қатор чемпионатларида танаффус экани кутилмаганда катта эътиборнинг Ўзбекистонга қаратилишига туртки бўлиши мумкин.

Европа билан солиштирганда ишларимиз анча яхши. Биринчидан, минг шукрки Ўзбекистон карантин даврида касалликни юқтириш ва шу билан боғлиқ ўлимлар борасида кам талофат кўрди, ҳаммаси кутганимиздан яхшироқ назорат қилинди. Иккинчи томондан эса биз улардан фарқли равишда 2021 йилги мавсум режаларини тўла ишлаб чиқиб улгурмагандик (шу жойини минг хижолат билан ёздим). Европа клублари эса мавсумни якунлай олмаслиги катта эҳтимол, боиси улар келаси мавсум ҳақида аллақачон бош қотириб қўйишган. Ўртада эса вақтдан ютқазишяпти.

Биз нимадан воз кечишимиз мумкин?

Менимча, биринчи навбатла Лига кубоги мусобақаси хавф остида қолади. Биз унга асос солинган иккинчи йилдаёқ турнирни халқаро мақомга айлантиришга муваффақ бўлгандик. Яъни, Қирғизистон ва Тожикистоннинг умумий 8 клуби ҳам мусобақаларда иштирок этиши керак эди. 

Айни ҳолатда эса халқаро рейслар ва умуман мамлакатлараро кириб-чиқиш масаласида хавф бор. Шундан келиб чиқиб, турнирни бир йилга кечиктирсак, жуда кўп нарса йўқотмаймиз (ЎФА иложи борича мазкур турнирни ўтказиш тарафдори, аммо вазият бизнинг қўлимизда эмас). Аксинча, келаси йил турнирни янада яхшироқ ва янада савиялироқ ўтказишимиз мумкин. Биз бу ишни бошлай олишимизни ва бирлашишимиз мумкинлигини исботладик. Энди буни янада яхшилаш устида ишлашимизга ҳам ишонаман. Бу борада орқага қайтиш йўқ. 

Тақвим масаласида нима гап?

Биз эндигина 3 та тур учрашувларини ўтказгандик. Мавсум якунига қадар яна 23 та турни ўтказиб олишга бемалол улгурамиз, менимча. Орада Ўзбекистон кубоги ўйинларини ҳам ўз вақтида ўтказиш имкониятимиз ҳозирча бор. 

Бундан ташқари, ОФК ва ФИФА бир қатор халқаро ўйинларни ва саналарни бекор қилган. Бу ҳам ўз навбатида бизнинг фойдамизга йўл очади. 

Шунингдек, бизда июль ойида катта танаффус бор. Энг бўлмаган ҳолатда ўша вақтга ҳам ўйинлар қўйишга мажбур бўлишимиз мумкин. Аввал ҳам айтганимиздек, муаммодан қочиш эмас, уни ҳал қилишни ўрганиш керак. Қиш совуқ, июль иссиқ деб ўтиравермай, прожекторларни яхшиласак, совутиш, иситиш тизимларига эътибор қилсак, қишин-ёзин футбол ўйнашимиз мумкин. Биз 4 фаслни кўрадиган бахтли одамлармиз, фақатгина бундан оқилона фойдаланишни билмаймиз. Футбол ўйнаб бўлмайди, деб қутулиб қўя қоламиз. Акалар, Илон Маск жаҳонни ўзгартираман деб фазоларда учяпти, Қатар бутун дунёни ортидан эргаштириб, мундиални қишга суряпти. Биз қачонгача июлни иссиқ деймиз? Биз унга ечим топиш ҳақида ўйлашимиз керак (ўтлаб кетганим учун узр албатта). 

Хуллас, мана шундай гаплар. Ҳукумат мана шу санадан сизларга рухсат деса, биз ўша куннинг ўзидаёқ янги тақвим учун ўтирамиз. Кайфиятимиз оптимистик, кўп муаммо кўраётганимиз йўқ. Эл бошига келган ишни биргаликда албатта енгиб ўтсак керак.

Диёр Имомхўжаев

Кўпроқ янгиликлар