ФИФА собиқ раҳбарлари жаҳон чемпионатлари Россия ва Қатарда ўтказилиши учун пора олганликда айбланмоқда

Спорт 19:20 / 07.04.2020 7481

Федерациянинг собиқ вице-президенти Жек Уорнер Россияда чемпионат ўтказилишини қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион доллар олганликда айбламноқда.

ФҚБнинг Нью-Йорк шарқий округ судига тақдим этган ҳужжатларида ФИФАнинг етти амалдори 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатлари ўтказиладиган мамлакатларни танлашдаги овозлари учун уларга пора беришга ваъда қилинганликда ёки пул олганликда айбланмоқда.

5 миллион доллар, 10 та офшор компания, 30 та ҳисобрақам

Жек Уорнер
Фото: REUTERS

Прокурорларнинг билдиришича, 2010 йил 1 ноябрда ФИФА собиқ вице-президенти Жек Уорнернинг ёрдамчиси электрон почтасига "Илтимос, унга келишилган иш шу ҳафтада бажарилишини айтиб қўйинг" деган сўзлар битилган мактуб келган.

Кейинги бир неча ой давомида Уорнернинг Тринидад ва Тобагодаги ҳисобрақамларига 5 миллион долларга яқин пул тушган, деб ҳисобламоқда прокурорлар. Ўтказмалар 10 та офшор компаниялар орқали айланган ва кейин АҚШдаги 30та банк ҳисобрақамлари ўртасида тақсимланган.

Тринидад ва Тобаго фуқароси бўлган Уорнер ҳозирча АҚШга экстрадиция қилинмади.

Айбловда таъкидланишича, ФИФА ижроия қўмитасининг собиқ аъзоси гватемалалик Рафаэл Сальгерога Россия фойдасига овоз бериши учун 1 миллион доллар пора ваъда қилинган. Аввалроқ Сальгеро коррупцияга аралашганини тан олган ва футболдан бир умрга четлаштирилганди.

Прокурорлар шунингдек, овоз бериш жараёнида Қатарни қўллаб-қувватлаш учун КОНМЕБОЛ собиқ президенти Николас Леос ва Бразилия футбол федерацияси собиқ раҳбари Рикардо Тешейра ҳам пора олганлигини таъкидлашмоқда.

Леос ўтган йили ватани Парагвайда вафот этган. Тешейра бир умрга футболдан четлатилган.

Американинг 21st Century Fox телекорпорацияси раҳбарларига нисбатан ҳам айбловлар илгари сурилган. Терговчиларнинг маълумотига кўра, улар футбол раҳбарларига трансляция ҳуқуқлари учун пора беришган.

Энди нима бўлади?

Россия ҳукумати ЖЧ-2018 ўтказилиш жойини аниқлашдаги коррупция ва порахўрлик билан боғлиқ барча айбловларни рад этмоқда.

"Биз ОАВдаги хабарларни ўқидик, гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаяпмиз. Россия жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини мутлақо қонуний қўлга киритган, бу ҳеч қандай пора билан боғлиқ эмас, буни қатъий рад этамиз", - деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия жаҳон чемпионатини ўтказиб бўлган, Қатар эса энди ўтказади. Бу арабларга қарши биринчи айблов эмас - 2017 йилда Аргентина телекомпаниясининг собиқ раҳбари Нью-Йоркдаги судда ФИФА раҳбарлари Қатардан пора олганини айтганди.

2019 йил июнда УЕФА собиқ президенти Мишель Платини Қатар танлаб олинишидаги коррупция иши бўйича ҳибсга олинган ва тергов қилинганди.

Янги айбловлар Россия ва Қатар ғалаба қозонган 2010 йилги танлов борасида ФИФАда ички тергов ўтказилишига олиб келиши мумкин.

ФҚБ қандай суриштирув ўтказмоқда?

ФИФА 2010 йилда 2018 йилги жаҳон чемпионатини Россияда, 2022 йилги чемпионатни эса Қатарда ўтказиш учун овоз берганди.

2015 йилда Цюрихдаги меҳмонхонада ўтказилган тинтувлардан сўнг АҚШ адлия вазирлиги ФИФА раҳбарлари ва телекомпаниялар менежерларига нисбатан суриштирув олиб бораётгани маълум бўлганди.

Ушбу можаро ФИФА президенти Зепп Блаттер ва УЕФА президенти Мишел Платиниларнинг истеъфосига сабаб бўлди. Ўшанда жами 42 кишига нисбатан айблов илгари сурилган, улардан 26 нафари айбига иқрор бўлганди.

Кўпроқ янгиликлар