Уйда – масофадан ишлаш: асосий қоидалар

Lifestyle 08:51 / 27.03.2020 8856

Бу савол кўпчиликни ўйлантиряпти. Бироқ бир вақтнинг ўзида уйда – масофадан ишлаш методи аксар ташкилотларда бир неча йиллардан бери ишлатилмоқда ва оммалаштирилмоқда, деб ёзади Жаҳон иқтисодий форуми сайтида Иан Сандерс.

Ҳозир дунёнинг кўп жойларида маҳаллий ҳокимият вакилларидан тортиб стартаперлар ва катта ташкилотлар ҳам ходимларига уйдан ишлашга рухсат беришган ва буни қўллаб-қувватлашяпти.

«Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси таъсири қанчага чўзилиши ҳақида ҳеч ким билмайди ва бу яна қанчалаб одамни иш офисларидан чиқишга мажбур қилиши мумкин. Бироқ яхши тарафи, ходимлар ишини ташкил қилишнинг янги усуллари ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Мен ҳали жуда кам одам уйидан туриб ишлайдиган пайтларда – бундан 20 йил олдин уйдан туриб ишлашни бошлаган эдим.

Бошида ўта ижтимоий муҳитдаги компанияда ишимни ташлаб, уйда иш бошлашга ўрганишим қийин бўлган. Бунда мен ўзимни жуда ёлғиз ҳам ҳис қилганман.

Бироқ 20 йил ўтгач, мен қанақа қилиб уйда ишлаб туриб ҳам креатив, фаол бўлиш мумкинлигини ва кўп нарсага улгуриш мумкинлигини ўргандим», – деб ёзади муаллиф.

Унинг айтишича, уй шароитида ишлаш учун қилган биринчи қарори – иш вақтида телевизорни ўчириб қўйиш бўлган.

«Сизнинг ҳам биринчи марта уйдан туриб ишлашни қандай ташкил қилиш ҳақида кўникмангиз бўлмаслиги мумкин. Бунинг учун бирор қўлланманинг ўзи ҳам йўқ, фақат ўз йўлингиздан боришингиз керак, холос.

Бу – худди мен 2000 йилларда режа қилганимга ўхшаш вазият. Бу ерда сиз ҳам бошлашда фойдаланишинингиз мумкин бўлган айрим қоидаларим бор.

Уйда ишлаш учун энг биринчи қоида бу – уйни тарк этиш! Бу иш кунлари доимий белгиланган вақтда тоза ҳавога чиқишни англатади. Мен ҳар куни «ишга бораман», яъни иш вақтим бошланишидан олдин озгина тоза ҳаво олиб келаман.

Бунда ташқари, менда ҳафтасига икки марта югуришга чиқиш одати бор», деб ёзади муалиф.

Кейинги тавсия эса уйдаги нарсалар ўрнини алмаштириб туриш билан боғлиқ. Ошхона столидан иш столигача ва ҳатто диванларнинг ҳам ўрнини алмаштириб туриш тавсия қилинади. Шу орқали уйда турлича атмосфера бўлишига ва бир-биридан фарқли топшириқларни бажариб туришга эришиш мумкин.

Агар муттасил ишлаш оғирлик қилаётган бўлса, ҳар бир кўчириш янги муҳитда сизга янги имконият ва энергия беради.

«Шунингдек, иш вақти чегарасини аниқ белгилаб олиш зарур. Чунки одам ўзига ғамхўрлик қилиши ҳам керак ва иш уйдаги одатий ҳаётни чеклаб қўймаслиги зарур.

Мен иш столи ётоқхонасида жойлашган бир фрелансерни билардим. Бу унинг диққатини йиғишга халал берарди.

Шунинг учун иш вақтингиз тугашини билдирадиган маълум қоидалар ишлаб чиқинг.

Албатта, ишдан қайтишда 60 дақиқа йўл босиб ўтиб, уйга қайтиш билан 10 секундда бошқа хонага ўтиб, оила бағрига қайтиш орасида фарқ бор. Бошқа муҳитга мослашиш иккинчи ҳолатда қийинроқ.

Иш вақти тугагандан сўнг озгина тоза ҳавога чиқиш ҳам яхши ёрдам беради», – дейди Иан Сандерс.

Бундан ташқари, унинг таклиф этишича, диққатни жамлаган ҳолда бўлиш ва чалғитувчи нарсаларга эътибор қаратмаслик ҳам муҳим. Масалан, уйда музлатгич, телевизор, бирор оила аъзоси, мушук ёки қилиниши керак бўлган муҳимроқ уй юмуши бордир. Ҳаммасига улгуриш учун буларни ҳисобга олиш ва ҳатто айрим уй ишларини тушлик танаффусида қилиб олиш ҳам мумкин.

Лекин, муҳими, диққат қаратилиши керак бўлган асосий вазифани аниқлай олиш.

«Уйдан ишлаш ёлғизликни ҳис қилишга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ижтимоий режалар ҳам қилинг. Масалан, иш жамоангиз билан телефонда мулоқот қилинг ва бу орқали уларга нафақат лойиҳада сиз ҳам ишлаётганингизни кўрсатасиз, балки масофадан ишлаш борасида ўзингиз ишлаб чиққан айрим қоидалар билан ҳам ўртоқлашасиз.

Бундан ташқари, кунингиз яхши ўтиши учун сизга нималар керак бўлишини билиш ҳам муҳим. Сизда бошқаларга қараганда қулайлик кўпроқлигини ҳам унутманг. Масалан, қулай кийимда ҳам энг зўр вазифани уддалашингиз, ишдан кейин йога билан шуғулланишингиз ёки севимли қўшиқлар альбомини эшитишингиз мумкин.

Энг муҳими нима кераклигини билиш ва кун давомида ўшани уддалашга ҳаракат қилиш», – дейилади мақолада.

Агар айни пайтда сиз ҳам уйда ишлаётган бўлсангиз, ўз қоидаларингизни ва мос иш тартибингизни ишлаб чиқинг.

Кўпроқ янгиликлар