Хусусий мактаб карантин даври учун ҳам пул талаб қилиши тўғрими?

Ўзбекистон 20:05 / 26.03.2020 6746

«Нодавлат таълим ташкилотларида таълим олганлик учун бадал тўлови таълим олувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳамда таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Тўлов масаласидаги низолар мазкур шартнома шартларидан келиб чиқиб ҳал этилади. Бадал тўлови таълим олувчининг ўқишига мутаносиб равишда тўлангани сабабли ҳозирги кунда коронавирус пандемиясининг тарқалиши туфайли нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёни тўхтатилгани учун тўловни амалга ошириш тўғрисидаги нодавлат умумтаълим ташкилотининг талаби мақсадга мувофиқ эмас», дея Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимованинг сўзларини келтирмоқда мухбири.

Шунингдек, хусусий мактаб ўқитувчиларига карантин даврида ойлик маош тайинланиши масаласига ҳам ойдинлик киритилди. Унга кўра, нодавлат таълим ташкилотларида бундай масалалар таъсисчи томонидан ҳал қилинади. Бундан ташқари, таълим ташкилоти ва педагог ходим ўртасида тузилган шартномада форс-мажор ҳолатларида, хусусан карантин даврида қандай ҳаракатланиш кўрсатилган бўлиши керак. Агар шартномада бундай ҳолат назарда тутилмаган бўлса, карантин даврида таълим жараёни тўхтатилгани ва таълим олувчиларга таътил берилганини инобатга олиб, томонлар ўзаро келишиб олишлари лозим.

Чунки педагог ходимга тўланадиган пул маблағлари таълим олувчилар томонидан шартнома асосида тўланадиган бадал тўловлари ҳисобидан шакллантирилади. Бундай вазиятларда агар таъсисчининг тўлов қобилияти бўлмаса, меҳнат шартномаси асосида ишлаётган педагог ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш, агар ходим фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишлаётган бўлса, шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали масалани ҳал этиш мақсадга мувофиқ.

Кўпроқ янгиликлар