Бу кунлар ортда қолгач, қалбимиз, виждонимиз очилиши керак – Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Ўзбекистон 17:45 / 25.03.2020 18397

«Ўтган жума ғайриоддий жума бўлди. Жума куни жума намози йўқ, масжидлар бор, намозхони йўқ. Азон айтилди, аммо иқомат айтилмади. Минбарлар бор-у, хатиблар маъруза қилмаган кун бўлди. Лекин, шу жума кунида ҳам онлайн маърузалар қилдик. Мусулмон кишининг шундай кунларда бажариши зарур бўлган амаллар ҳақида маълумотлар бермоқдамиз, ҳар хил дуоларни бериб бормоқдамиз. Қуръони Каримда ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмидан Аллоҳ таолога шикоят қилган оятлари келган. 

Ҳазрати Нуҳ айтаяптилар: «Мен қавмимга айтдим: Роббингизга истиғфор айтинг. Роббингиз гуноҳларни кечиргувчидир. Роббингиз, истиғфор айтсангиз, ёрдам беради, фарзандлар беради, ёмғир ёғдиради, бойлик беради, очарчиликни кўтаради», деган оятлар келган. Нуҳ алайҳиссалом қавмида бефарзандлик кўпайди, қурғоқчилик кучайди, очарчилик ва ҳаказо вақтда, нажот нимада, деган саволга жавоб тариқасида истиғфорга буюрдилар.  

Ватандошимиз Имом Насафий роҳматуллоҳи алайҳнинг тафсирлари бор, “Мадорикул Танзил” деган. Насафий ҳазратлари мазкур оятлар тафсирида айтадиларки, Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига одамлар шикоят қилиб келдилар: бизда фарзанд туғилмаяпти, деганларида, истиғфор айтинглар, дедилар. Яна бир жамоа келиб, ёмғир ёғмаётганидан, қурғоқчиликдан шикоят қилганларида, истиғфор айтишни буюрдилар, учинчи жамоа турли касалликлар тарқаганини айтишганида, истиғфорни амр қилдилар, бошқа бир жамоа боғлар қуриб қолаётгани, очарчилик бўлаётганини билдиришганида, истиғфор айтинглар, дедилар. 

Шунда шогирдлари, турли шикоят билан келганларга бир хил нарсани тавсия қилганларида, Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу мана шу оятни ўқиганлар. 

Бало кўтарилади, ин шаа Аллоҳ, масжидларимиз очилади, боғча, мактаб институтлар очилади, самолётлар уча бошлайди, Макка-Мадина очилади. Бу ҳолатлар тарих бўлиб қолади. 

Аммо, шунча нарса бўлиши баробарида бизнинг кўзимиз ҳам очилиши керак. Агар ҳамма нарса очилса-ю, кўзимиз очилмаса, қалбимиз, виждонимиз очилмаса, бу ер учун бизнинг ўзимиздан ёмонроқ вабонинг ўзи қолмайди. Биз ўзимиз вабо бўлиб қоламиз», - дейди Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов. 

Кўпроқ янгиликлар