БМТнинг собиқ бош котиби Перес де Куэльяр 100 ёшида вафот этди

Жаҳон 18:40 / 05.03.2020 5157

БМТ собиқ раҳбарининг ўғли RPP радиоси орқали ўз отаси Перудаги уйида вафот этгани тўғрисида хабар қилган. Хавьер Перес де Куэльяр жаҳондаги энг кекса сиёсатчилардан бири эди.

У икки муддат давомида - 1982 йилдан 1991 йилга қадар БМТ бош котиби бўлиб ишлаган. Фаолияти давомида Перес де Куэльяр Лотин Америкаси, Африка, Осиё ва Яқин Шарқда қатор муҳим келишувлар имзоланишига эришган.

Унинг муҳим ютуқларидан бири сифатида 1988 йилда Эрон ва Ироқ 8 йиллик қуролли низодан кейин ўт очишни тўхтатишига олиб келган музокаралар ҳисобланади.

Хавьер Перес де Куэльяр ва АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган / BETTMANN

БМТнинг ҳозирги бош котиби Антониу Гутерриш Перес де Куэльярнинг ўлими тўғрисидаги хабардан «чуқур қайғуда» эканини билдирган. «У тажрибали давлат арбоби, садоқатли дипломат эди ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бутун дунёда обрўси катта эди», деган у.

Ўз навбатида Перу президенти Мартин Вискарра твиттердаги саҳифасида Перес де Куэльярни бутун умрини ишга бахшида қилган «чин демократ» деб атаган.

REUTERS

Юрист ва дипломат
Перес де Куэльяр Лимадаги Католик университетда ҳуқуқни ўрганган, кейин Перу Ташқи ишлар вазирлигида дипломатлик фаолиятини бошлаган.

У Европа ва Лотин Америкасидаги кўплаб мамлакатлардаги элчихоналарда ишлаган, БМТнинг 1946 йилги илк йиғилишида Перу делегацияси сафида иштирок этган.

1974 йилда Туркия Кипрга бостириб кирганидан кейинги Туркия ва Греция ўртасидаги тинчлик келишуви имзоланишида у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг махсус вакили бўлган.

1982 йилда эса БМТ бош котибига айланади. Перес де Куэльяр АҚШ ва СССР ўртасидаги совуқ уруш авжига чиққан йилларда БМТга раҳбарлик қилади.

У 1991 йилда, ўз ваколати муддатининг охирги йилида Ғарбий Саҳрои Кабирдаги ҳарбий ҳаракатлар, Сальвадор, Камбожа ва Никарагуадаги фуқаролик урушларига чек қўйилишига эришади.

1995 йилда у Перу президентлиги учун сайловда номзод бўлган, аммо фақат 22 фоиз овоз олиб, Альберто Фухиморига ютқазган.

2000 йилда Фухимори можаро туфайли истеъфога чиққанида, Перес де Куэльяр маълум вақт давомида мамлакат бош вазири ва Ташқи ишлар вазири сифатида ишлаб туради ҳамда вақтинча ҳукуматга янги сайловлар ўтказишга ёрдам беради.

Мамлакатнинг яқинда сайланган президенти Алехандро Толедо уни Франциядаги элчи этиб тайинлаганди.

Унинг дафн маросими 6 март кунига белгиланган.

Кўпроқ янгиликлар