“Маҳкума”: Жиноятга етаклаган хиёнат, бахт тушунчаси ва қамоқдаги Гулнора Каримова (якуний қисм)

Ўзбекистон 10:01 / 29.02.2020 110906

Ўтган сонлардаги репортажларда аёллар колониясидаги яшаш тарзи ҳақида маълумот берилган, шунингдек, маҳкума аёллар билан қилинган суҳбатларнинг бир нечтаси ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган эди.

Қуйида Ўзбекистонда ягона бўлган аёллар колониясидан тайёрланган бир неча қисмли “Маҳкума” репортажининг якуний қисмига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Унда иккинчи бор жазо муддатини ўтаётган шаҳрисабзлик маҳкума аёл нуфузли университет ўқитувчилигидан колонияга келишгача бўлган ҳаёти, келгуси режалари ҳамда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан колонияда ўтган кунларига оид хотираларини ўртоқлашади.

“1970 йилда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида туғилганман. Иккинчи бор аёллар колониясига келишим.

Биринчи бор турмуш ўртоғим ва унинг хиёнати сабабли жиноятга қўл урдим. Ўшанда турмуш ўртоғимни бир фоҳиша билан ётоқда тутиб олдим. Жаҳл устида унга қўл кўтардим, қўлим тасодифан нозикроқ томирига тегган экан шекилли, ўша жойда йиқилди. Кейин билсак, миясига қон қуйилиб, вафот этган экан. Шу жиноятим учун 6 йиллик жазо муддатини ўтаганман.

2-3 ой бўлди, яна шу ердаман. Бу сафар Жиноят кодексининг 169-моддасида кўрсатилган жиноятни (ўғирлик – ўта хавфли рецидивист томонидан) содир этганим учун суд қарори билан келтирилдим. Бу сафар менга 6 йиллик жазо муддати белгиланган.

Бу ерлар аёл кишининг жойи эмас. Аёл кишининг ўрни оиласи, яқинлари бағрида. Тўғри, бу муассасада ҳеч нарса қийин эмас. Фақат соғинч кишини қийнайди. Озодлик – энг олий неъмат”, дейди у.

– Фарзандларингиз борми?

– Биринчи бор жиноятга қўл урганимда фарзандларим ҳали ёш эди. Ҳозир қизим турмушга чиққан, икки фарзанди ҳам бор. У 2017 йилда турмушга чиқди ва мен бу ерда бўлганим учун унинг тўйини кўролмадим. Оқ кўйлак кийди, фарзандли бўлди... Бирортасида қизимнинг ёнида бўлолмадим.

Бу ерда ўтаётган ҳар бир вақтимга ачинаман. Назаримда, инсон учун энг қадрли нарса бу – вақт. Вақтни беҳуда йўқотишдан оғири йўқ. Уни ортга қайтариб бўлмайди.

– Бу ерга келганлар ўз қилмишидан афсусланиши ҳам, афсусланмаслиги ҳам мумкин. Лекин барибир аёл киши учун колониянинг қора кийими бу – оғир жароҳат. Бу кийимни биринчи бор кийганингизда нималарни ҳис қилгансиз?

– Кечагина, бир неча ой аввал чиройли иш кийимида, такси тўхтатиб, яқинлар билан телефонда гаплашиб, суҳбатлашиб юргандим... Бугун эса ўша иш туфайли қора кийимда бу ерда ўтирибман. Бу мен учун катта жароҳат.

Бу кийимни иккинчи бор кийишим. Шундай бўлса-да, Худога шукр қиламан. Ҳаётда бундан-да оғир тақдир берилиши мумкин эди менга. Балки синовлар учун бу ердадирман.

– Ҳар бир инсон бахт тушунчасини ўзича тасаввур қилади. Айтинг-чи, колония келишдан аввал бу тушунчани қандай тасаввур қилардингиз ва келгандан кейин сиз учун бахт нима?

– Бахт қаерда? Бахт мен учун оилам бағрида. Ота-онам, яқинларим, фарзандларим ва соғлиқ мен учун бахт. Ҳозир ўша бахтимдан узоқдаман.

Бу жойларда соғлиғимни ҳам йўқотдим. Хоҳлардимки, ака-ука, опа-сингилларимиз ҳеч қачон жиноятга қўл уришмасин. Айниқса, озодликда юрган аёллар ҳеч қачон жиноят кўчасига киришмасин, борига шукр қилишсин.

– Тўғри, қамоқхона ҳеч кимга ёқадиган жой эмас. Шундай бўлса-да, мавжуд шароитлар ичида сизга ёқмайдигани қайси бири?

– Менимча, ҳамма нарса керагича мослаштирилган. Бир мисол: эгнимиздаги қора рангли кийимимизнинг ўзи бизга хулосалар беради. Бу ердаги ҳар бир ҳолат бизга хулоса беради. Ўйлашимча, қамоқхонада ўзгартирадиган ҳолатнинг ўзи йўқ.

– Бу ерга келиб қайси бир маҳкума билан гаплашган бўлсак, улар мана шу ишни қилганим учун шу ердаман, шу жиноятни аниқ мен қилганман, деган фикрни, иқрорни айтишаётгани йўқ. Нима учундир уларда айбдорлик ҳисси йўқдек...

– Фикримча, айбсиз одам бу ерларга келмайди. Айбсиз одам тергов ва суд жараёнларида озодликка чиқиб кетиши мумкин.

Биз бу ерга келгунча ҳам жуда қийин жараёнлардан ўтамиз. Бу пайтда бизга турли имкониятлар берилади.

– Зангиотадаги ушбу аёллар колонияси охирги вақтларда биринчи президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ ҳолда кўп тилга олинмоқда. Сиз ҳам биринчи муддатингизни шу ерда ўтагансиз. Табиийки, у билан кўп бор кўришгансиз. Айтинг-чи, Гулнора Каримова ҳақида аввал қандай фикрда эдингиз ва у сизда қандай таассурот қолдирди?

– Гулнора Каримова ҳақида бу ерга келгунча деярли эшитмагандим. Аммо қамоққа келгач уни танидим. У биз билан бир бўлимда яшади. Шундагина уни Гулнора Каримова эканини билдим. У билан деярли бир оилада яшагандек яшадик. Бирга овқатландик, бир жойда нафас олдик.

Ҳаётда бир шиорим бор: ким эдим-у ким бўлдим? Гулнора Каримованинг ҳаёти ҳам менга катта сабоқ бўлди. Шу аёл менда яшашга, ҳаётга бўлган қизиқишни орттирди.

Ўзимга ўзим Гулнора Каримова ким эди, мана у ҳам шу ерда-ку дедим.

Гулнора ҳақида сўрадингиз. У ҳақдаги шахсий фикрим унчалик яхши эмас. Уни ҳеч қачон олий маълумотли, маданиятли ва тарбияли қиз деб ўйламайман.

Нега бундай деяпман? Чунки биз жиноятчи сифатида бу ерда бўлсак ҳам, инсон сифатида аслида ким эканлигимиз гапларимиз, атрофдагиларга муомаламиз ва ўзимизни тутишимиз билан яхшироқ кўринади.

Инсонда сўзлаш, тинглаш, муомала ва кийиниш маданияти бор. Мен шу нарсаларни Гулнора Каримовада кўрмадим. Булар менинг у ҳақдаги шахсий фикрларим.

– У билан тез-тез кўришиб турармидингиз? Ўзини тутиши ҳаммага ҳам шундай эдими?

 

– Колонияга биринчи келган пайтда у шароитларга кўникди. Атрофдагиларга, кийимларимизга қаради. Қовун қовундан ранг олади. У ҳам биздан “ранг олди”.

Аммо кейинчалик унинг маҳкумалар ва бу ердаги ходимларга муомаласи ўзгара бошлади. Охир-оқибатда ўзининг ҳурматини йўқота бошлади.

У билан жуда кўп саломлашавермасдим, чунки эрталаб ишга кетардим. Кечки пайт эса кутубхонага борардим.

– Гулнора Каримова қаерда ишлар эди?

– У давлатдан қарзи бўлгани учун муассаса ҳудудидаги ишлаб чиқариш корхонасида ишларди. Шу корхонада тикувчи эди.

– Эшитишимизча, у колония овқатларини емаган, фақат печеньелар еган. Бу гаплар қанчалик ҳақиқат?

– Ҳам тўғри, ҳам нотўғри. Бу ердан ҳам овқатланарди, уйидан келган “передача”ларни ҳам ерди.

– Одатда Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкум ва маҳкумаларга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлиниши, жисмоний куч ишлатилиши ҳақида кўп эшитганмиз. Бу гаплар қанчалик ҳақиқат?

– Бу ерга келишимдан аввал кўп китоблар ўқирдим, сериаллар деярли кўрмайман. 1990-91 йилларда “Бир жиноят изидан”, “Бир қадам” каби кўрсатувлар бўларди. Шу кўрсатувларни кўп кўрардим, айниқса, аёлларни жиноят қилгани ва панжара ортида турганини кўрганимда, ўша аёлга нисбатан нафратим кўпаярди. “Аёл бўлмай ўл!” деган пайтларим ҳам бўлган. Буни яширмайман.

Лекин инсон эртага ҳаётида нима бўлишни билмайди.

Қамоқхонада тазйиқ ўтказишлар, куч ишлатишларни ўз кўзим билан кўрмаганман. Шахсан, ўзим билан бундай ҳолат содир бўлмаган.

Лекин биринчи бор (2014 йил) қамалганимдаги ҳолат билан 2019 йилдаги қамалганимдаги ҳолат ўртасида катта фарқ бор. Қамоқхонада шароитлар ўзгаряпти.

– Бу фарқ нималарда кўринади?

– Масалан, авваллари жиноятлар кўп содир этиларди. Қамоқхонада 2000-1500 хотин-қизлар бўлиб кетарди. Маҳкумалар орасида айбсизлар, қасддан ва адоватдан шу ерга юборилганлар кўп бўларди.

2019 йилда маҳкумалар сони сезиларли камайди. Ҳозирги маҳкумалар сони мингтага етмаса керак.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Кўпроқ янгиликлар