ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия котибияти раҳбарининг мақоми вазир биринчи ўринбосарига тенглаштирилди

Ўзбекистон 13:49 / 19.02.2020 1217

Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Белгилаб қўйилишича:

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон  миллий комиссиясининг ишчи органи - ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси котибияти бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 9 нафарни ташкил этади;

котибият бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида Комиссия бош котиби ўринбосари лавозими жорий этилади;

котибият раҳбари - Комиссия бош котиби ва унинг ўринбосари мақоми ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра, тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

котибият ходимларига нисбатан Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (ходимларни қисқартириш ҳисобидан қўлланиладиган устамалар, умумий иш стажи учун қўлланиладиган устамалар, Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан ташқари) татбиқ этилади ҳамда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади;

котибият ходимларининг эришган натижаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойлик лавозим маошларига (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) нисбатан 100 фоизгача устамалар белгиланади, уларнинг 50 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, 50 фоизгача устамалар эса - ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан қопланади;

котибият ходимлари ҳар ойлик лавозим маошига котибиятда хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача - 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача - 20 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача - 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ - 40 фоиз ойлик устамалар қўлланилади;

котибиятга 2та енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилади;

котибиятни сақлаш харажатлари республика бюджети ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.

Котибият Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Кўпроқ янгиликлар