Қозоғистондаги можаро қурбонлари сони ортди

Жаҳон 11:00 / 09.02.2020 102736

7 февраль куни кечқурун Жамбил области Масанчи қишлоғида қозоқлар ва дўнгонлар ўртасида можаро келиб чиққанди. Можарога маҳаллий дўнгонлар қозоғистонлик қарияни калтаклаши сабаб бўлгани айтилган. 

Дастлабки хабарларда Кордайдаги тартибсизликлар вақтида мингга яқин киши иштирок этгани, 8 киши ҳалок бўлиб, 137 киши жароҳатлангани, улардан 37 нафари шифохонага ётқизилгани, 9 киши оғир аҳволда қолаётгани айтилганди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 30дан ортиқ уй, 15та савдо объекти ҳамда 23та автомашинага зарар етказилган.  

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тартибсизликлардан сўнг ҳудудда вазият барқарорлашганини маълум қилди. У можаронинг авж олишига сабабчи бўлган иғвогарлар жавобгарликка тортилиши, «фожиага йўл қўйган давлат идоралари ходимлари жазоланиши»ни таъкидлаб ўтган. Бироқ у айнан қайси тузилмалар ходимлари жазоланишига аниқлик киритмаган. 

Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин Жамбилдаги ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузишга фармойиш берган.

Одатий муштлашув ёки этник низо?

TENGRINEWS/SHOKAN ALKHABAYEV VIA REUTERS

Тўқнашув жума куни кечқурун этник озчилик ҳисобланган дўнгонлар яшовчи Масанчи қишлоғида рўй берганди. Полициячилар тўқнашувда қатнашган 47 кишини қўлга олган, улардан ов милтиқлари мусодара қилинган.

Қозоғистон ҳукумати ҳодисада маиший жанжални этник низога айлантиришга ҳаракат қилган иғвогарларни айблади. Ҳозирча жанжалнинг асл сабаби аниқ эмас.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Тургумбаевнинг сўзларига кўра, низода аввалига 70 киши қатнашган. «Провокаторлар ва гувоҳлар жанжални видеога олиб ижтимоий тармоқларда тарқатган ва бошқа одамларни қонунга зид ҳаракатларни амалга оширишга чақирган. Бу эса зиддиятнинг эскалациясига олиб келган… Қўшни қишлоқлардан юзлаб киши келиб жанжалга қўшилган», - дейилган вазирлик маълумотида.

«Безорилар металл предметлар, тошлар, ўқотар қуролларни ишлатган. Масанчидаги зиддиятдан кейин Аухатти ва Булан-Батир қишлоқларига ҳам бостириб боришган. Йўлларда блок-постлар ўрнатишган», - дея қўшимча қилган вазир.

Ахборот вазири Даурен Абаев ҳам бу версияга қўшилган: «Фожиа рўй берди, одамлар ҳалок бўлди. Афсуски, бу маиший жанжални этник можаро сифатида кўрсатган провокаторлар туфайлидир».

Масанчида нималар бўлди?

TENGRINEWS/SHOKAN ALKHABAYEV VIA REUTERS

Масанчи қишлоғида яшовчилардан бири Радио Азаттык (Қозоғистондаги Озодлик радиоси) мухбирига, туманнинг бешта қишлоғида босқинчилик ҳаракатлари амалга оширилганини сўзлаб берган.

Унинг сўзларига кўра, жума куни кечқурун бошқа ҳудудлардан келган юзлаб эркаклар уйларга, дўконларга ўт қўйган, автомобилларнинг ойналарини синдиришган ва қишлоқ аҳолисига ҳужум қилган.

Қозоғистондаги дўнгонлар диаспораси раҳбари Хусей Дауров КазТАГ агентлигига шундай дейди: «Соат 5.25да Олмаотадан ОМОН бўлинмалари етиб келди, ҳарбийлар келибоқ вазиятни назоратга олишди. Аммо улар бир кун кечикишди. Бир кун аввал видеолар тарқалиши бошланганди, агар улар барчасини аввалроқ қилишганида, биз бундай аҳволга тушмаган бўлардик, одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинарди. Аммо ҳозир, Худога шукрки, ОМОН ходимлари ҳар бир бурчакни назорат қилмоқда, ҳар бир қишлоқда назорат ўрнатилган».

Маълум бўлишича, жума куни кундузи полициячилар Масанчига қўшни бўлган Сортобе қишлоғида автомобилни тўхтатган. Ҳайдовчи қочишга уринган, полициячилар уни қувишганида эса қоидабузарнинг қариндошлари полиция автомобилини тошбўрон қилган.

Ҳозирча айнан шу ҳодиса оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган воқеа бўлгани тасдиқланмади.

Ижтимоий тармоқларда эса дўнгонлар бир неча қозоқни калтаклагани тасвирланган видео ҳодиса сабаби сифатида тарқатилган.

Муштлашувлардан кейин кўплаб дўнгонлар чегарани кесиб ўтиб, Қирғизистонга боришган. Чегарачилар қатъий иш режимига ўтишган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба РИА Новости агентлигига хабар беришича, 20 киши шифокорларга мурожаат қилган, 10 нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган.

Дўнгонлар кимлар?

Дўнгонлар - Қирғизистондаги миллат бўлиб, Қозоғистон жануби-шарқида ва Ўзбекистон шарқида ҳам яшайди. Улар XIX аср охирида Хитой ҳукумати таъқибидан кейин Марказий Осиё ҳудудига қочиб келган хитойликларнинг авлодларидир. Улар Ислом динини қабул қилишган ва хитой тилини унутишган. Маҳаллий тилларда ва рус тилида сўзлашишади.

Масанчи дўнгон диаспораси марказларидан бири ҳисобланади. 2009 йилги маълумотларга кўра, қишлоқ аҳолисининг 90 фоизи дўнгон, 5 фоизи қозоқ, 5 фоизи руслар эди.

Кўпроқ янгиликлар