Арманистон собиқ молия вазири 3,7 млн долларни талон-торож қилишда айбланмоқда

Жаҳон 22:35 / 08.02.2020 3086

Арманистон собиқ молия вазири Гагик Хачатрян 1,747 млрд драм (3,7 млн доллар) миқдоридаги давлат маблағларини талон-торож қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда Арманистон миллий хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, у ўз ўринбосари билан тил бириктириб, мамлакат божхона тизими учун аслида 2000 дона қулф керак бўлса-да, 2 млрд 282 млн драм (4,805 млн долларга яқин)га 7500 дона электрон қулф сотиб олган. 2019 йил октябрь ҳолатига атиги 251 дона қулфдан фойдаланилгани аниқланган.

Ушбу иш бўйича молия вазирининг собиқ ўринбосари ҳам айбланувчи сифатида жалб этилган. У 2018 йилда мамлакатни тарк этгани боис халқаро қидирувга берилган.

Гагик Хачатрян ўтган йил августда ҳибсга олинган. У 2008 йилдан 2014 йилгача давлат даромадлари қўмитасига раҳбарлик қилган, 2014 йилдан 2016 йил охирига қадар молия вазири бўлган.

Кўпроқ янгиликлар