«Таиланднинг Тож Маҳали». Сонгҳла масжидига фотосаёҳат

Lifestyle 08:01 / 14.01.2020 20882

Kun.uz`инг Таиландга сафари давом этмоқда. Бу ерда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳсларини ёритиш учун бўлиб турибмиз. Футболчиларимиз мусобақадаги дастлабки икки ўйинни Таиланд жанубидаги Сонгҳла шаҳрида ўтказишди. Биз ҳам сафаримизнинг иккинчи қисмини, яъни 4 кунимизни шу шаҳарда ўтказдик. Сув бўйидаги бу шаҳарда мусулмонлар кўплиги эътиборни тортди. Балки Малайзияга яқин бўлгани учун шундайдир. Сонгҳла меҳмонхоналаридаги хоналарда қиблани кўрсатадиган белгилар ҳам бор.

Шу боис бу шаҳарда масжид топиш қийин бўлмади. Интернетдан қидирганимизда шаҳарда 4 та масжид борлигини кўрдик. Йўлда келаётиб Сонгҳла маркази Хат Яй шаҳрида Тож Маҳални эслатиб юборадиган масжидни кўргандик ва жумъа ибодатини айнан ўша масжидда адо этишни режалаштирдик. Меҳмонхонадан бироз узоқда бўлган масжидга машинада етиб олдик. Борганимизда имом энди амри маъруфни тугатаётган экан.

Тўғриси, масжидда одам кўп эмасди. Жумъа намозида масжиднинг бир нечта олди қатори тўлди холос. Ибодатдан сўнг масжид тарихи ҳақида сўраш учун имом ва ходимлар билан гаплашишга уриндик, аммо улар инглиз тилини билмасликлари сабаб саволларимизга жавоб бера олишмади. Имомнинг сўзларидан у Малайзиядан эканини тушундик. Қуйида Ҳиндистондаги афсонавий Тож Маҳални эслатиб юборадиган ушбу масжиддан тайёрлаган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Кўпроқ янгиликлар