Қабул-2020: Фанлар мажмуасидаги асосий ўзгаришлар

Жамият 17:45 / 14.01.2020 59907

Бакалавриат таълим йўналишларига киришда тест топшириладиган фанлар мажмуаси 2019 йил 19 декабрда тасдиқланган эди.

Узоқ кутилган қарордаги асосий янгилик мажбурий фанлар блокининг киритилиши билан боғлиқ. 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб, тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки қисмга – мажбурий ва таълим йўналишига мос фанларга ажратилади.

Kun.uz таълим йўналишига мос фанлар юзасидан абитуриент ва ўқитувчилардан тушаётган мурожаатларга асосан, Давлат тест маркази билан боғланиб, асосий ўзгаришларга аниқлик киритди.

1. Ўзбек филологияси йўналишида иккинчи фан – чет тили

Янги тасдиқланган фанлар мажмуасида «5120112: Филология ва тилларни ўқитиш (тиллар бўйича)» йўналиши бўйича она тили ва адабиёт ҳамда чет тили фанларидан имтиҳон олиниши белгиланган.

«Бироқ негадир рўйхатда 2019-2020 ўқув йили учун фанлар мажмуасида кўрсатилган «5120101: Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили» йўналиши ва унга қайси фанлардан имтиҳон олиниши кўрсатилмаган.

Шу сабабли ўзбек филологияси йўналишида ўқишни хоҳлаган абитуриентлар қайси фанлардан имтиҳон топширишни билишмаяпти. Она тили ва адабиётдан ташқари иккинчи фан тарихми ёки чет тили?» – деб ёзади самарқандлик ўқитувчи Самгин Қурбонов.

ДТМ матбуот хизмати маълумотига кўра, «5120112: Филология ва тилларни ўқитиш» таълим йўналишларининг барчасида йўналишга мос фанлар сифатида она тили ва адабиёт ҳамда чет тили фанлари тасдиқланган.

Нафақат «Филология ва тилларни ўқитиш», балки «Хорижий тил ва адабиёти», «Таржима назарияси ва амалиёти» каби таълим йўналишларининг барчаси тиллар бўйича битта гуруҳга бирлаштирилган.

2. Тарих йўналишида иккинчи фан – география

Бу йил тарих йўналишлари учун тарих ва география фанларидан имтиҳон олинади. Авваллари бу йўналишга киришдаги иккинчи фан она тили ва адабиёт эди.

3. Тошкент давлат юридик университети, юриспруденция йўналиши

ТДЮУга кириш учун фанлар мажмуаси 2019 йилгача тарих (3.1 балл), она тили ва адабиёт (2.1), чет тили (1.1) кетма-кетлигида, 2019 йили эса она тили ва адабиёт (3.1 балл), чет тили (2.1), тарих (1.1) этиб белгиланган эди.

2020 йилдан эса мазкур университет учун ҳам бошқа ОТМларнинг юриспруденция йўналишлари каби тарих ва чет тилидан тест олиниши белгиланган.

4. Туризм йўналиши

«5610300: Туризм (фаолият йўналишлари бўйича)» йўналишида ҳам ўзгартириш киритилган бўлиб, эндиликда туризм соҳасида ўқимоқчи бўлган абитуриентлар чет тили ва тарих фанларидан имтиҳон топширишади.

Лекин туризмга оид бошқа йўналишларда, масалан, «Туризм соҳасида маркетинг», «Туризм соҳасида логистика» каби қатор йўналишлар учун чет тили ва математика фанларидан имтиҳон қўйилган.

«Биринчи ва иккинчи» фанлар энди йўқ, биринчи даражали иккита фан бор

2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари киритилади.

Бу учта фандан 15тадан жами 45та тест топшириғи берилади. Ҳар бир тўғри жавобга 2,1 балл берилади, максимал балл – 94,5 балл.

Иккинчи бўлимда эса абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишларига мос иккита фан бўйича тест олинади. Ҳар бир фандан 30тадан жами 60та тест саволи берилади. Ҳар бир тўғри жавоб 3,1 балл билан баҳоланади. Максимал балл – 186 балл.

Шу тариқа, абитуриентларга 5та фан бўйича жами 105та тест топшириғи берилади. Тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 280,5 балл.

Кўпроқ янгиликлар