Хайрулло Бозоров Наманган вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди

Ўзбекистон 14:43 / 13.01.2020 13735

Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 6-чақириқдаги илк сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти вакили сифатида давлат маслаҳатчиси Рустам Собирович Қосимов иштирок этди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Сессия кун тартибидан ўрин олган масалалар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Президентнинг давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов сўз олиб, давлат раҳбари томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига 6-Сероб сайлов округидан сайланган депутат Бозоров Хайрулло Хайитбаевичнинг номзодини Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида тақдимнома киритилганлигини маълум қилди ва уни ўқиб эшиттирди.

Масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳлари номидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди.

«Сўзга чиққан партиялар вакиллари Хайрулло Бозоровнинг вилоят ҳокими лавозимидаги фаолияти вилоят аҳли томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, мамлакатимиз президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг вилоятда амалга тўғри тадбиқ этилаётганлиги боис аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб, халқнинг давлатдан розилиги таъминланаётгани, Бозоровнинг одоб-ахлоқи юқорилиги, босиқлиги, халқ дардини тинглашга ва уларга ечим топишга доим тайёрлигини эътироф этиб, вилоят ҳокими лавозимига тавсия этилган Бозаров Хайрулло Хайитбаевич номзодини якдиллик билан қўллаб–қувватлашди», – дейилади вилоят ҳокимлиги ахборотида.

Номзод депутатлар томонидан Наманган вилояти ҳокими этиб бир овоздан тасдиқланди.

Сессияда сўз олган Хайрулло Бозоров билдирилган ишонч учун давлат раҳбари ва вилоят депутатларига миннатдорчилик билдириб, бу ишончни оқлаш учун вилоятнинг ҳар соҳада республика бўйича юқори натижаларга эришиши йўлида тинимсиз меҳнат қилишга давом этишини айтди.

Маълумот учун, шу ҳафта 44 ёшга тўладиган Хайрулло Бозоров 2015 йилдан буён Наманган вилоятини бошқариб келмоқда. У Наманган саноат-технология институтини тамомлагач, 10 йил солиқ тизимида ишлаган.

Жумладан, 1995-2003 йилларда Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасида инспектор, катта инспектор, бош инспектор, бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Сўнг Наманган шаҳар солиқ инспекциясига ишга ўтиб, 2005 йилгача аввалига инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари, сўнг инспекция бошлиғи бўлган.

2005-2008 йилларда Бозоров Наманган вилоят ҳокимлигининг Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, гуруҳ раҳбари, вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларини эгаллаган.

2008 йилдан 2015 йилгача – Наманган ҳокими бўлгунига қадар вилоятнинг Учқўрғон (2008-2009), Чуст (2009-2014), Мингбулоқ (2014-2015) туманлари ҳокими сифатида фаолият олиб борган.

Кўпроқ янгиликлар