Ўзбекистонда янги корхонанинг газ ҳисоблагичларини тендерсиз ўрнатишмоқчи. Корхона кимники?

Ўзбекистон 14:00 / 13.01.2020 40770

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги табиий газни назорат қилиш ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Лойиҳада айтилишича, «Навоий» эркин иқтисодий зонасида йилига 750 минг дона «Smart Metering» счётчикларини ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилади. Бу лойиҳа доирасида 20 млн долларлик тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилади, 200 та иш ўрни яратилади, маҳаллийлаштириш даражаси 37 фоизга етказилади.

Бу лойиҳа Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги томонидан Россиянинг «Газдевайс» АЖ билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 

«Газдевайс» АЖ кимники?

Davletovuz телеграм каналининг ёзишича, «Газдевайс» АЖнинг устав фонди 1 543 080 000 рубль бўлиб, унинг ягона таъсисчиси «Центрактив» МЧЖ ҳисобланади. «Центрактив» МЧЖнинг таъсисчилари эса «Доната» МЧЖ (50 фоиз) ва жисмоний шахс Сатторов Фурқат Абдуллоевич (50 фоиз).

«Доната» МЧЖнинг иккита таъсисчиси бўлиб, биттаси Лондонда (Temm Engineering LTD), иккинчиси Кипрда очилган фирма (FRENERO ENTERPRISES LTD)лар ҳисобланади.

Маҳсулот ишлаб чиқариш 2020 йилнинг биринчи чорагида ишга тушади.

Davletovuz’нинг билдиришича, қарор лойиҳаси билан янги корхонага яхшигина имкониятлар тақдим этилмоқда:

«Биринчидан, «Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Шаҳар қурилиш инвест» АЖ ва бошқа қурилиш ташкилотларига мазкур счетчикларни ҳеч қанақа танлов, тендерсиз сотиб олиш ҳуқуқи берилаяпти. Умумий сони 30 мингдан ортиқ.

Иккинчидан, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 2020—2021 йилларда «Газдевайс» МЧЖ ҚКнинг счетчикларини 3 млн 620 мингдан ортиқ истеъмолчига (ҳам юридик, ҳам жисмоний) ўрнатади. Бунда уларга Мажбурий ижро бюроси яқиндан ёрдам беради. Бу ҳам ҳеч қанақа тендерсиз, танловсиз амалга оширилади. Дарвоқе, корхонанинг йиллик қуввати 750 минг дона, икки йилда бунча счетчик ишлаб чиқара олмайди, демак, «ўзбекона бизнес» моделида иш тутилади: олиб кирилади. Бунинг учун қуйида имтиёз берилаяпти.

Учинчидан, «Газдевайс» МЧЖ ҚК ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани амалга ошираётгани учун унинг маҳсулотлари ҚҚС, божхона тўловларидан озод қилинади».

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқа бир худди шундай қарор лойиҳаси бўйича ўзининг салбий хулосасини берган.

Кўпроқ янгиликлар