Time’нинг “Йил одами” унвонига даъвогарларнинг якуний рўйхати эълон қилинди

Жаҳон 01:01 / 10.12.2019 13878

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раиси Си Цзиньпин Time журнали таҳририятининг “Йил одами” унвонига даъвогарларнинг якуний рўйхатига кирди. Бу ҳақда NBC телеканали хабар берди.  

Трамп ушбу номга 4-марта даъвогарлик қилмоқда, у 2016 йилда ушбу номга сазовор бўлган. 

Якуний рўйхат 10 кишидан иборат бўлиб, унга Трампнинг шахсий адвокати Рудольф Жулиани, АҚШ конгресси қуйи палатаси спикери Нэнси Пелоси, Facebook раҳбари Марк Цукерберг, швециялик 16 ёшли экофаол Грета Тунберг, Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн, футбол бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси аъзоси Меган Рапино кирган. Шунингдек, рўйхатга Ҳонгконгда ҳукуматга қарши чиқаётган намойишчилар киритилган.  

Журнал таҳририяти “Йил одами”ни 11 декабрда эълон қилиши кутилмоқда. Унвонга лойиқ топилган одам сурати журнал муқовасида жойлаштирилади. Ушбу унвонни бериш учун аниқ мезонлар йўқ, у йил давомида жамиятга, хоҳ салбий, хоҳ ижобий бўлсин, энг катта таъсир кўрсатган одамга берилади.

Америкалик учувчи Чарльз Линдберг тарихда биринчи бўлиб Атлантика океани устидан учиб ўтгани учун 1927 йилда ушбу унвоннинг биринчи соҳибига айланган.

Унвоннинг берилиши тарихи давомида 70 га яқин сиёсий ва жамоат арбоби унга лойиқ топилган. Ўз вақтида у Махатма Ганди (1930), Иосиф Сталин (1939, 1942), Уинстон Черчилль (1940, 1949), Елизавета II (1952), Никита Хрушчев (1957),  Шарль де Голль (1958), Мартин Лютер Кинг (1963), Генри Киссинжер (1972), оятуллоҳ Руҳаллоҳ Ҳомайний (1979), Лех Валенса (1981), Юрий Андропов ва Рональд Рейган (1983), Михаил Горбачев (1987, 1989), Иоанн Павел II (1994) ва Владимир Путинга (2007) берилган.

Шунингдек, Жеральд Форддан ташқари, Франклин Рузвельтдан бошлаб АҚШнинг барча президентлари ушбу номга сазовор бўлган. Рузвельтнинг ўзи эса “Йил одами”га 3 марта (1932, 1934 ва 1941) лойиқ топилган тарихдаги ягона инсон ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар