Мақсуда Ворисова: «Ислом Каримовга миллионлаб иш ўринлари ҳақида сохта ахборотлар кирарди»

Ўзбекистон 23:38 / 10.12.2019 127833

Сиёсий партиялар вакиллари иштирокида суратга олинаётган «Демократик дебат» ток-шоусининг 10 декабрь кунги сонида Ички ва ташқи миграция, хусусан, меҳнат муҳофазаси, ҳуқуқий ҳимоя ва мигрантларнинг пенсия таъминоти масалалари муҳокама қилинди.

Унда Халқ демократик партияси вакили сифатида сўзга чиққан Боймурод Юсупов Ўзбекистонда ўтган даврда фуқароларга яратилган иш ўринлари борасида ёлғон ҳисоботлар авж олгани ҳақида гапирди. Жумладан, «Ҳар йили миллионлаб иш ўрни яратиш – бу нореал кўрсаткич, лекин шундай бўлар эди-ку. Ҳисоботларда ҳам бу нарса айтиларди», деди у.

Дебат давомида Боймурод Юсуповга ЎзЛиДеП партияси вакили Нуриддин Муродов томонидан хўш, ёлғон ҳисоботлар авж олган экан, сиз бунга қарши нега курашмадингиз мазмунида савол берилди.

Саволга Халқ демократик партиясининг бошқа бир вакили, сенатор Мақсуда Ворисова жавоб берди.

«Курашганмиз, текширувлар ўтказганмиз. Масалан, 2013-14 йилларда ҳам биринчи президентимиз Ислом Каримовга миллионлаб иш ўринлари яратилгани ҳақида сохта ахборотлар кирарди. Тушуняпсизми, йилига миллионлаб. 

Бунда яратилган иш ўринлари борасидаги рапортлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ва яна айрим шахслар томонидан тайёрланарди.

Бизнинг ўша вақтдаги спикеримиз Боймурод Юсупов Сирдарё ва Жиззах вилоятларига бориб коллежлар ва уларни битирган ёшларнинг ишга жойлашиши борасида корхоналарда текширув ўтказган. Табиийки, натижалар жуда катта ёлғонларни очиб ташлаган.

Биз натижаларни катта босим, таваккал билан «бошимизни кундага қўйиб» президентга етказдик. Шу маълумотлар асосида биринчи президент кўпчиликка чора кўрди, ёлғон ҳисоботлар ҳам йўқотилди», дея Мақсуда Ворисованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар