Жошуа Руисдан чемпионлик камарларини қайтариб олди

Спорт 08:00 / 08.12.2019 17069

Британиялик боксчи Энтони Жошуа америкалик Энди Руисга қарши жангда аввал унга бой берган 3 та чемпионлик камарини қайтариб олишга муваффақ бўлди. Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд яқинидаги Ад-Дириёда ўтган бокс жанги Жошуанинг очколар бўйича ғалабаси билан якунланди.

3 ҳакамдан барчаси ғалабани британиялик боксчига берган: 118:110, 119:109, 118:110.

Жошуа ўта оғир вазндаги WBA, WBO ва IBF чемпионлик камарларини қайтариб олди. Ушбу жанг икки боксчи ўртасидаги иккинчи жанг бўлиб, июнда ўтган биринчи жангда Руис 7-раундда техник нокаут билан ғалаба қозонганди. 

Британиялик боксчи илк чемпионлик камарини 2016 йилда қўлга киритиб, шундан кейин IBF камарини 6 марта, WBA камарини 3 марта ва WBO камарини бир марта ҳимоялай олган. 

Эндиликда 30 ёшли Жошуанинг ҳисобида 23 та ғалаба ва бир мағлубият, унинг тенгқури Руисда эса 33 та ғалаба ва 2 та мағлубият бор.

Айни вақтда ўта оғир вазн тоифасидаги 4 та энг нуфузли версиядан бири - WBC’даги чемпионлик камарига америкалик Деонтей Уайлдер эгалик қилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар