«Оптимист»: «Спортни танламаганимда ғирт бекорчи бўлиб юришим ҳам мумкин эди»

Жамият 18:20 / 03.12.2019 21755

«Спорт кундалик ҳаётимнинг бир бўлагига айланган. Бошқа нарсалар мен учун иккинчи даражали. Бир кун машғулотларим қолиб кетса ҳам безовта бўламан, бугун шуғулланмадим, олдинда мусобақалар бор, нима бўлар экан, деб ўйланаман...»

Ўзбекистон Миллий Паралимпия терма жамоаси аъзоси Санъат Норметов «Оптимист» рукнининг навбатдаги қаҳрамони. У бахтсиз ҳодиса туфайли 3 йил муқаддам кўриш қобилиятини йўқотган бўлса-да, катта мақсадлар сари интилиб яшаяпти. У ҳаёт мазмунини спортда қайта кашф қилган.

1995 йилда Хоразм вилоятида туғилган Санъат Норметов Урганч давлат университети жисмоний маданият факультети иккинчи босқич талабаси. Унинг сўзларига кўра, спортга қизиқиш болаликданоқ бўлган, аммо шуғулланиш учун шароит етарли эмас эди.

«Тошкент шаҳрига келганимдан кейин коллежимизда ўқийдиган бир ўртоғим сабаб бўлиб, «Пахтакор» стадионида ҳозирги мураббийим Сардор ака Абдухолиқов билан танишганман. 2016 йилдан бошлаб енгил атлетиканинг югуриш тури билан профессионал тарзда шуғуллана бошладим», дейди у.

Санъат Паралимпия терма жамоаси аъзоси эканини айрича фахр ҳисси билан эътироф этади: - Миллий терма жамоага киришим жуда ҳам қийин бўлган. Мусобақаларда бир мартада кутилган натижага эришмаганман. Биринчи эмас, иккинчи бўлиб қолаверардим. Барибир терма жамоа сафида бўлиш, менимча, бошқача. Бу қандайдир ғурур, сўз билан тушунтириб бера олмайман. Терма жамоа аъзоси бўлганингиздан кейин давлатнинг формаларини кийиб юриш ҳаммага ҳам эмас-да. Бу лойиқ бўлганларгагина насиб қилса керак, деб ўйлайман.

Қаҳрамонимизнинг спорт мураббийи Сардор Абдухолиқов шогирдининг тиришқоқлигини алоҳида таъкидлайди.

«Санъатнинг ютуғи унинг тиришқоқлиги, ҳеч қачон ортга чекинмаслиги, ҳаётга, яшашга бўлган интилишида. Соғлом инсонлар каби ҳаётда, жамиятда ўз мавқейига эга бўлишга ҳаракати ҳозирги кунгача терма жамоада ўз ўрнини сақлаб қолишга ва юқори натижаларга эришишга ундаб келмоқда», дейди мураббий.

Спортчи ўзи учун энг қадрли ғалаба сифатида 2020 йилда Токиода ўтказиладиган 16-ёзги Паралимпия ўйинлари учун жорий йилнинг май ойида ўтказилган саралаш мусобақасидаги натижасини кўрсатади. Ҳозир ҳам яқин тўрт йилликнинг энг йирик мусобақаси ҳисобланган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда.

Санъат Норметов бир ўзи югурмайди. Машғулотларда ҳам, мусобақа ва чемпионатларда ҳам унинг ёрдамчиси, унинг учун ҳам кўз, ҳам қўл ва оёқ бўла оладиган бу Шерзод Турғунов. У Миллий терма жамоа аъзоси. Улар қўлларини бир-бирларига боғлаган ҳолда бир тан-у бир жондек ҳаракат қилишади.

«Санъат Норметов билан мураббийимиз Сардор ака орқали танишганмиз. У билан бирга югуриш менга қийинчилик туғдирмайди. Санъат билан шуғулланганим ўзимнинг спортим қолиб кетяпти, дегани эмас. Ногирон спортчи билан ёнидаги ёрдамчи спортчининг ўртасида жуда ҳам катта фарқ бўлиши керак. Ёрдамчи спортчи икки баробар кучли бўлиши керак.Чунки у икки баробар кучли бўлмаса, ногирон спортчини торта олмайди. Иккаласининг кучи тенг бўлса, бир-биридан ўта олмайди. Оёқ-қўлларимизни бир-бирига тушириш учун жуда ҳам катта куч, жуда катта чидам керак бўлади», дейди Шерзод Турғунов.

Санъат Норметов спортда қийинчиликлар кўп бўлиши, аммо чекинишлар узоққа чўзилмаслиги, стадион яна ўзига чорлайвериши ҳақида гапирди.

«Спортда ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Мусобақада кутилган натижалар чиқмай қолиши мумкин. Баъзи пайтларда қўл силтаб кетиб қолишлар бўлади. Э бўлди, дейсиз, лекин барибир 2-3 кундан кейин машғулотларнинг хумори тутади. Айланиб стадионга келиб қолганингизни билмай ҳам қоласиз.

Спортни танламаганимда ғирт бекорчи бўлиб уйда ўтиришим ҳам мумкин эди. Спорт иродамни мустаҳкамлади, яшашга бўлган қизиқишни қайта уйғотди, десам ҳам бўлади», дейди у.

Айни дамда унинг олдидаги энг катта мақсади Токиода бўлиб ўтадиган 16-ёзги паралимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиш ва у бунинг учун тинимсиз меҳнат қилмоқда.

Kun.uz спортчининг бу мақсадга эришишида муваффақият тилайди!

Санъат Норметов билан суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видеода кўришингиз мумкин.

Саодат Абдураҳмонова, Kun.uz мухбири

Кўпроқ янгиликлар