Кириш имтиҳонида чет тилидан максимал балл олиш учун қайси даражага эга бўлиш керак?

Жамият 16:40 / 03.12.2019 24394

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, фанлар мажмуасига чет тили киритилган бакалавриат таълим йўналишларига B2 ва ундан юқори даража талаб этилади.

Агар абитуриент В2 ва ундан юқори даражага эга бўлса, унга ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади.

2019/2020 ўқув йилида чет тили биринчи фан бўлган таълим йўналишлари учун ДТМ томонидан берилган чет тилини билиш тўғрисидаги сертификат (миллий сертификат) ёки IELTS (5.5), TOEFL IBT (72 балл) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича В2 ва ундан юқори тил билиш даражаси талаб қилинган.

Чет тили асосий фан бўлмаган таълим йўналишлари учун эса мос равишда IELTS имтиҳонидан 4.5, TOEFL IBT’дан 42 балл, СEFR имтиҳонидан В1 ва ундан юқори даража сўралган.

Бироқ 2020/2021 йилги кириш имтиҳонларида бу тартиб бироз ўзгарди.

Давлат раҳбарининг 2019 йил 13 майдаги «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиши чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, тест синовлари мажмуасига чет тили киритилган барча бакалавриат йўналишлари учун тил даражаси бир хил этиб белгиланган.

Бунда барча бакалавриат йўналишларига инглиз тили учун миллий сертификат ёки IELTS (5.5), TOEFL IBT (72), Cambridge Assessment English FCE учун В2 ва ундан юқори даража талаб этилади.

Лекин истисноли ҳолат шундаки, 2019 йилга қадар ДТМ томонидан берилган миллий сертификатнинг амал қилиш муддати ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолиниши ҳам қарорда кўзда тутилган.

Бу дегани В1 даражадаги 2019 йилга қадар ДТМ томонидан берилган миллий сертификат (амал қилиш муддати тугамаган бўлса) ҳам абитуриентга кириш имтиҳонида имтиёз бериши мумкин.

ДТМ матбуот хизмати ходими Жамшидбек Одиловнинг таъкидлашича, бу истисно халқаро сертификатларга нисбатан қўлланмайди. Чунки халқаро сертификатлар илк марта 2019 йилдан миллий ОТМга кириш учун имтиёз сифатида тан олинди. Шунинг учун 2019 йилдан олдин олинган B1 даражадаги халқаро сертификатларнинг имтиёзи 2020/2021 ўқув йили учун имтиҳонда абитуриентга максимал балл бермайди.

Демак, бундан буёғига биринчи ёки иккинчи фан эканидан қатъи назар чет тилидан имтиёз олиш учун ҳаракат қилиб IELTS имтиҳонини топширмоқчи бўлганлар 5.5, TOEFL’дан эса 72 балл, СEFR’дан B2 даража ва ундан юқори олиш учун ҳаракат қилишлари зарур.

«Агар болада саволлар варақасидаги тестни ишлашдан кўра билимим кучлироқ, ўзимни синаб кўраман, деган хоҳишда бўлса ва чет тили бўйича сертификат учун имтиҳон топшириб, олдиндан имтиёзга эга бўлса, унга чет тилидан максимал балл берилади.

Агар бу имтиёздан фойдаланмаса ҳам, бу – унинг ўз хоҳиши. Кириш имтиҳонида В1 даражадаги 30та тест топшириғини бажаради ва билимига мос балга эга бўлади», - дея ушбу тизимга изоҳ берди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Севара Зупарходжаева.

Маълумот учун, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети 2019 йилдан олдинги В1 сертификатларини (амал қилиш муддати тугамаган бўлса ҳам), Тошкент давлат юридик университети эса writing (ёзиш) кўникмаси 5.5 баллдан паст IELTS сертификатларини қабул қилмайди.

Кўпроқ янгиликлар