UMS Mobiuz савдо белгиси остида фаолият юритади 

Ўзбекистон 19:28 / 02.12.2019 22939

2 декабрь куни Тошкентда Mobiuz брендининг тақдимоти бўлиб ўтди. UMS мобил оператори энди айнан шу ном остида фаолият юритади.  

Расмий маросимда сўзга чиққан компания Бош директори Собир Арипов 2018 йил якунида давлат раҳбарияти томонидан компанияга бир қатор муҳим вазифалар юклатилганини таъкидлаб ўтди. Ушбу вазифалар мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш жараёнлари билан боғлиқ. Натижада мобил оператор нафақат алоқа хизматларини кўрсатиш фаолияти билан, балки янги фаолият турлари билан ҳам шуғулланмоқда. UMS брендини ҳар томонлама таҳлили шуни кўрсатдики, компания ўзининг узоқ муддатли стратегиясини рўёбга чиқариш учун трансформация қилиниши, ҳар томонлама ўзгартирилиши зарур.  

«Мутлақо янги Mobiuz бренди асосида меҳр кўрсатиш ётади. Фаолитимизда мақсадли аудиториянинг иложи борича кўпроқ эҳтиёжларини қондиришга эътибор қаратамиз. Натижада абонентлар ва мижозлар нафақат кутилган мобил алоқа ва интернет хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади, балки ўзаро боғлиқ инновацион маҳсулотлардан ҳам баҳра олишади», - дея таъкидлади операторнинг тижорат директори Лола Филатова.

Mobiuz’нинг асосий ранглари – оқ ва қизил уйғунлиги. Логотип иккита қисмдан иборат – биринчиси бевосита Mobiuz ёзуви, иккинчиси эса «i» ҳарфидан таралаётган ва тобора кенгайиб бораётган нур. Унинг чегараси йўқ, яъни бу билан компания истиқбол, яратувчанлик ҳамда чексиз имкониятларга урғу бермоқчи.

Тақдимотда таъкидлаб ўтилганидек, янги савдо белгисига ўтиш эълон қилинишидан олдин республика бўйича махсус ташқи реклама материаллари жойлаштирилган. «Ёниб яшанг!» номини олган ушбу реклама кампаниясида қиёфасига нур таралиб турган турли ёшдаги ҳар хил касб эгалари намоён бўлган. Улар ўз касби, иши, фаолияти, яқинларига ғамхўрлиги билан илҳомланиб, ёниб яшашади. Бундай нур ҳар биримизда бор – Mobiuz ўз бренди орқали барчага шуни намоён қилади ҳамда компания қадриятларига урғу беради. Рекламанинг иккинчи босқичида буни яққол кўриш мумкин бўлади.

Ребрендинг – бу нафақат ташқи қиёфа ва ўзини намоён қилишни ўзгартириш, балки абонентларнинг эҳтиёжларини қондира оладиган ривожланишни ҳам назарда тутади. Шундай экан, тадбирда компаниянинг ҳозирги ютуқлари ва ривожланиш режалари ҳақида ҳам сўз борди.

Хусусан, шу кунларда оператор ноёб «АвтоMOBI» акциясини эълон қилади – компания абонентлари 14та Nexia-3 ҳамда супер ютуқ – Malibu автомобилларини ютиб олишлари мумкин бўлади. Компания мутахассислари Mobiuz мобил иловаси устида иш олиб боришмоқда – у ҳам тез орада тақдим этилади. «Мобил ҳамён» сервиси ҳамда видео ва мусиқани ичига олган платформани ишга тушириш ҳам компаниянинг истиқболли режаларида бор.

«Мазкур йилда компания вилоятларда 4G LTE тармоғини ишга туширди, хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида биллинг тизимини янгилаш ишлари олиб борилмоқда, ташқи Интернет-канал янада кенгаймоқда. Жиззах вилоятида Маълумотларга ишлов бериш марказини қуриш ҳамда халқаро Интернет-каналга бевосита чиқиш лойиҳаларини амалга оширишга тайёргарлик кетмоқда», - дея таъкидлади компания техник директори Ольга Филатова.

Кўпроқ янгиликлар