Токиода Рим папасини Японияга боришга мажбур қилган фотосурат намойиш этилди

Жаҳон 19:00 / 28.11.2019 14254

Токиодаги кўргазмада Нагасаки бомбардимон қилинганидан сўнг укасини кремация қилишга олиб келган болакайнинг фотосурати намойиш этилди. Кўргазма ташкилотчиси, TBS телекомпанияси продюсери Мидори Сагисаканинг айтишича, айнан шу фотосурат Рим папаси Францискни Японияга боришга мажбур қилган.

Унинг сўзларига кўра, бу суратни Рим папасига София университети руҳонийси 4 йил илгари жўнатган. Рим папаси 2017 йилда фотосуратни "Бу уруш келтирадиган оқибат" деган ёзув билан бутун дунёдаги католик ибодатхоналарига тарқатишни буюрган ва Японияга бориш ниятини билдирган.

Фотосуратда кремацияга навбатда турган 7-8 ёшли болакай тасвирланган. Орқасига эса бомбардимонда ҳалок бўлган чақалоқ укасини опичлаб боғлаб олган. Фотосурат муаллифи Жо О'Доннеллнинг эслашича, болакай кремация оловига тикилиб тураркан, лабларини қонатгудай даражада тишлаган.

Рим папаси кейинги 38 йил ичида Японияга илк бор келди. У ташрифининг эртасига Нагасаки ва Хиросимага йўл олди ҳамда нутқ сўзлади.

Кўпроқ янгиликлар