Яроқсиз батарейкани нима қилиш керак?

Lifestyle 12:24 / 27.11.2019 40062

Бу белги ишлатилган батарейкаларни чиқинди қутиларига ташлаш қатъиян тақиқланишини англатади. Чунки ўзи бармоқдек келадиган бу митти энергия манбалари инсон саломатлиги ва табиат учун жуда катта зарар етказади.

Кичкина деманг бизни...

Бу энергия манбалари кичкина бўлишига қарамай, зарари анчагина. Чиқиндига ташланган батарейканинг устки қопламаси турли ташқи таъсирлар (иссиқ, эрозия) натижасида эрийди ва унда сақланувчи кадмий, симоб, никель, рух, қалай, магний каби заҳарли моддалар «озодликка чиқади». Битта батарейка 20 метр квадрат ер, 400 литр сув, иккита дарахт, 1та типратиканни заҳарлашга етадиган зарарга эга.

Батарейкадан ҳавога кўтариладиган ва сувга аралашадиган заҳарли моддалар кишида ўпка саратони, ҳазм тизими аъзолари касалликлари, суяк хасталикларини келтириб чиқариши мумкин. Батарейкаларни бола ўйнаб, оғзига солишига мутлақо йўл қўймаслик керак!

Батарейкалар умумий чиқиндининг 0,25 фоизини ташкил этса-да, чиқиндилардан атроф-муҳитга етадиган зарарнинг нақ 50 фоизи уларнинг улушига тўғри келади.

Хорижда қандай?

Европа давлатларида ишлатиб бўлинган батарейкалар утилизация қилиш (қайта ишлаш) учун йиғиб олинади. Бунинг учун барча дўконлар ва муассасаларда махсус идишлар ажратилган.

Савдога чиқариладиган янги батарейкаларнинг нархига утилизация чиқимлари ҳам қўшиб ҳисобланади, маълум фоиз устама қўйилади. Агар харидор янги батарейка хариди чоғида ишлатилган батарейкаларни тақдим этса, муайян чегирмага эга бўлади. Ғарб давлатларида ишлатилган батарейкаларнинг 50 фоиздан ортиғи утилизация қилинади. Мисол учун, Германияда автомобил эгаси янги аккумлятор сотиб олмоқчи бўлса, эскисини топшириши шарт, акс ҳолда жаримага тортилади. Энергия манбаларини ўзбошимчалик билан йўқотишга йўл қўйилмайди.

Батарейка утилизацияси хомашё сарфини камайтиради

Қувват берувчи батареялар ва аккумляторлар таркибида қайта ишлашга яроқли қисмлар кам миқдорни ташкил этади. Лекин йиғиб олинган яроқсиз батарейкаларни қайта ишлаш орқали янги батарейкалар, пластик, қора қалам, металл, қоғоз, ўғит, автомобил шиналари учун қопаламалар олиш мумкин.

Ўзбекистонда-чи?

«Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 22-моддасида «Ўзбекистон Республикасида утилизация қилиш учун тегишли технологиялар мавжуд бўлган чиқиндиларнинг кўмиб ташланишига йўл қўйилмайди», дейилган. Батарейкалар ҳам утилизация қилинадиган чиқиндилар сирасига киради, аммо Ўзбекистонда батарейкаларни қайта ишлаш бўйича технологияларга эга бўлган бирорта корхона мавжуд эмас.

Қаттиқ маиший чиқиндилар билан ишлаш бўйича 2019-2028 йилга мўлжалланган стартегияда 2022-2025 йилгача бўлган оралиқда республика шаҳарларининг кўп квартирали турар-жой секторида чиқиндининг қуйидаги турлари учун алоҳида контейнерлар ўрнатилиши режалаштирилган.

- қайта ишланадиган чиқиндилар (полимер, қоғоз, металл);

- органик чиқиндилар (озиқ-овқат ва бошқа биологик материаллар);

- қайта ишланмайдиган чиқиндилар (композитли материаллар, тозаланмаган материаллар);

- хавфли маиший чиқиндилар (аккумулятор, батарейка, тиббиёт чиқиндилари);

- шиша идиш буюмлари.

Аммо чиқиндилар қайта ишланмайдиган бўлса, уларни саралашдан наф йўқ. Сараланган чиқиндиларни қайта ишлаш бутун дунёда қўлланаётган тенденция, бу орқали хомашё сарфини камайтириш ҳамда экологияга етадиган зарарни минималлаштириш мумкин. Атроф-муҳитга етказадиган зиёнини инобатга олган ҳолда батарейкаларнинг қайта ишланиши масаласини ҳам қисқа муддатларда ҳал қилиш талаб этилади. Буни утилизация соҳасига хусусий секторни жалб қилиш, чиқиндиларни қайта ишловчи технологиялар учун имтиёзлар жорий этиш орқали ҳал қилинади.

Утилизация бўйича ҳали керакли тизим ишга туширилмаган бўлса ҳам, батарейкаларни умумий чиқиндига қўшмаслик тавсия этилади. Уларни алоҳида жамлаб, чиқиндини йиғиш пунктларига топширган маъқул. Батарейкалар алоҳида жамланса, уларни йўқ қилиш ва қайта ишлаш учун муқобил ечим изланса, эҳтимол.

Шу ўринда лайфҳак:

Батарейкаларни ишлатишдан олдин контактли қисмларини қаттиқ қуруқ мато билан яхшилаб ишқаласангиз, улар сизга узоқроқ хизмат қилади.

Агар батарейкалар ёки батарейка ўрнатилган қурилма иссиқлик таъсирида узоқ вақт қолиб кетса, у эриб, куйдирувчи ажралма чиқариши мумкин. Шу боис бундай ҳолда батарейкани қўлқоп билан олиш тавсия этилади.

Саодат Абдураҳмонова

Кўпроқ янгиликлар