Ўзбекистонда аэропортлар хусусийлаштирилиши мумкин

Ўзбекистон 08:33 / 15.11.2019 17026

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Сунатилла Бекенов Япония фуқаро авиацияси бюроси директори ўринбосари бошчилигидаги “Сумитомо корпорейшн” компанияси делегациясини қабул қилди.

Учрашувда мамлакат фуқаро авиациясини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган сўнгги қарорлар, янгиликлар, хусусан туризм ва сайёҳлик борасидаги ислоҳотлар натижасида соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар ва устувор йўналишлар тўғрисида маълумот берилди.

“Бу учрашув Ўзбекистон президентининг яқинда кунчиқар мамлакатга режалаштирилаётган олий даражадаги ташрифлари олдидан муҳим аҳамият касб этади”, - деди агентлик директори С.Бекенов.

Учрашувда дунё тажрибасида ўзини оқлаган усул сифатида аэропортлар фаолиятини самарали бошқаришда давлат-хусусий шерикчилик механизмларидан оқилона фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, Тошкент халқаро аэропортини концессия усулида бошқариш лойиҳаси бўйича таклифлар тақдим этилди. Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ва Термиз аэропортларида ушбу механизм асосида бошқаришга қизиқиш борлиги эътироф этилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон аэропортлари” акциядорлик жамияти фаолиятига япониялик экспертларни жалб этиш масаласи муҳокама қилинди.

Халқаро аэропортлар рейтингида юқори ўринларда турувчи Япониянинг Нарита, Фукока, Сендай, Кансай ва Хоккайдо аэропортлари, улардаги бошқарув тизими, фойдаланувчилар учун яратилган қулай имкониятлар ҳақида фикр мулоҳазалар билдирилди.

Япония делегацияси раҳбари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, авиация соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашди.

Кўпроқ янгиликлар