Оксана Чусовитина спорт фаолиятидан кейин нима билан шуғулланмоқчилигини маълум қилди 

Спорт 21:00 / 08.11.2019 6599

Спорт гимнастикаси бўйича Олимпиада чемпиони Оксана Чусовитина спорт фаолиятини якунлагач, болалар учун гимнастика мактабини очишни режалаштирмоқда. Номдор спортчи бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматига интервьюсида айтиб ўтди.

44 ёшли спортчимиз октябрда Штутгардда (Германия) ўтган жаҳон чемпионати натижаларига кўра, 8-марта Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Гимнастикачи спорт фаолиятини ҳали якунламаган бўлса-да, ўз исмини Гиннесс рекордлар китоби ва Халқаро гимнастика шон-шараф залига ёздириб қўйди.

“Олимпиадага лицензия олиб бўлдим ва энди шошилмасдан тайёрланишимдан хурсандман. Эндиги иштирокимни январда бўладиган Жаҳон кубоги босқичларидан бошлайман. Айнан ушбу мусобақалар тайёрлаб қўйган мураккаб элементларимни Токио Олимпиадасигача синаб кўриш ва уларни шакллантириш учун яхши имконият беради”, деб айтган спортчи.

Чусовитина Токио Олимпиадасига тайёрланиш вақтида асосан тикланиш машғулотларига эътибор қаратади. “Оиламга кўпроқ вақт ажратмоқчиман ва албатта, яхшилаб дам олиб, куч йиғиб, тикланиб олмоқчиман”, деб таъкидлаб ўтган спортчи. 

“Аввал маълум қилганимдек, Токио Олимпиадаси мен учун сўнгги мусобақа бўлади. Аммо бу мени спорт билан шуғулланмайди, дегани эмас. Ҳозирда болалар учун ўз спорт клубимни очиш ишлари билан бандман. Келажакда гимнастикани республикамизнинг барча вилоятларида янада ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман”, деб қўшимча қилган Чусовитина.

Кўпроқ янгиликлар