Товарнинг божхона қийматидан 30 фоизни ташкил этувчи ягона божхона тўлови жорий этилмоқда — Президент қарори

Ўзбекистон 21:30 / 07.11.2019 17914

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ–4508-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун олиб ўтиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, 2020 йилнинг 1 январдан бошлаб:

Нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажда товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажда, шунингдек, почта жўнатмалари орқали ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилганда, улар ишлаб чиқарувчининг ўровида бўлиши мажбурий этиб белгиланди.

Ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан респбуликага олиб киришнинг чеклаган меъёрларидан ортган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.

Яъни,

·       алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литрдан,

·       барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутидан,

·       атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донадан,

·       қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 граммдан ортган тақдирда — божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Эндиликда товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ доллардан кам бўлмаган миқдорида ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинади.

Президент қарори билан Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарларнинг қуйидаги рўйхати ҳам тасдиқланди. Булар:

1. Ички ёнув двигателлари.

2. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 8403 10 субпозициясида таснифланувчи марказий иситиш қозонлари.

3. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 8426 - 8430, 8433 - 8442,

8444 00 – 8449 00 000 0, 8453 - 8464, 8465, 8466, 8468, 8474 - 8480, 8486, 8514, 8530, 8534 00, 8535, 8545, 8548, 9024, 9027, 9030 ва 9031 товар позицияларида таснифланувчи машиналар, механизмлар, ускуналар (газонлар, истироҳат боғлари ёки спорт майдончалари учун косилкалар, дискли маиший арра).

4. Офтобда қорайиш учун солярийлар.

5. Тиббиёт техникаси ва ускунаси (шприцлар, игналар, катетерлар, канюлялар, шунга ўхшаш асбоблар, қон босими, тана ҳароратини ўлчаш ускунаси, шунингдек, тиббий кўрсатмалар бўйича фойдаланиш учун зарур аппаратуралар бундан мустасно).

6. Тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели (тиббий кўрсатмалар бўйича фойдаланиш учун зарур бўлган механик мосламали шифохона койкалари бундан мустасно).

7. Сартарош креслоси ва ўхшаш креслолар, уларнинг қисмлари.

8. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 9010 товар позициясида таснифланувчи фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна.

9. Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН 9023 00 товар позициясида таснифланувчи намойиш қилиш мақсадларига мўлжалланган жиҳозлар, аппаратура ва моделлар.

10. Тангалар, банкнотлар, банк карточкалари, жетонлар ёки бошқа шунга ўхшаш тўлов воситалари билан ҳаракатга келтириладиган ўйин автоматлари.

Кўпроқ янгиликлар