«Обод қишлоқ» дастури Хитойда ҳам бор. Пекиндаги смарт-қишлоқ – Kun.uz объективида

Lifestyle 19:45 / 05.11.2019 14104

Суратларни кўриб, бу қайси замонавий шаҳар экан дейсизми? Йўқ, бу шаҳар эмас, балки Хитойнинг гўзал Банбидиан қишлоғи! Kun.uz мухбири Феруза Авазова айнан шу қишлоқда бўлиб, махсус фоторепортаж тайёрлади.

2017 йилда Хитой ҳукумати пойтахт Пекин чеккасидаги қишлоқларни қайтадан барпо этиш бўйича «Beautiful villages» (Гўзал қишлоқлар) янги инновацион лойиҳасини бошланди. Унга кўра, Пекиндаги 10та қишлоқ, жумладан, Банбидиан (Banbidian), Гаобейдиан (Gaobeidian) ва Ланггежуанг (Langgezhuang) обод қилиш умумий лойиҳасининг объектига айланди.

Айнан Банбидиан қишлоғининг ўзида аҳолининг қулай ҳаёт кечириши учун инфратузилма қайтадан ишлаб чиқилди. Натижада ортиқча ҳашаматсиз бир хил кўринишдаги кўркам хонадонлар, маҳаллий кофешоп ва дўконлар, шинам кутубхона ва ҳаттоки, қишлоқнинг ўз тарихий музейи ҳам барпо этилди.

Қишлоқнинг маҳалла идораси ҳам эътиборни тортади. Аҳоли учун махсус кутубхона айнан шу ерда жойлашган. Шунингдек, қишлоқнинг тарихий-маданий музейи Хитойнинг ўтмишига саёҳат қилиш имконини беради. Тақдимотлар, маърузалар ўтказиш учун ҳам алоҳида катта хоналар мавжуд. Бу маҳаллий аҳоли учун жуда ҳам қулай. Эндиликда шаҳар марказига узоқ йўл босиб, боришга ҳожат йўқ.

Маҳалла идора ходими билан суҳбатда бўлганимизда шу нарса маълум бўлдики, мазкур лойиҳа «Smart villages» (Ақлли қишлоқлар) инновацион ғояси остида амалга оширилмоқда. Шунингдек, қишлоқларда қурилиш экологик тоза шаҳар андозаларига хос тарзда давом этади.

Бу ерда фақатгина бир нарса саёҳатчиларга бироз ноқулайлик туғдириши мумкин: музейдаги барча экспонатлар хитой тилида. Агар ёнингизда хитойлик дўстингиз ёки гид бўлмаса, қишлоқ билан яқинроқ танишиш қийин бўлади.

Бироқ муҳими бу эмас. Энг асосийси, маҳаллий фуқаролар ва келажак авлодлар учун обод қишлоқни яратишдир.

Феруза Авазова,
Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар