Тарихда илк бор икки аёл фазогир бир вақтда очиқ коинотга чиқди (видео)

Жаҳон 00:03 / 19.10.2019 23262

Халқаро коинот станцияси бортидан тарихда илк бор икки аёл фазогир бир вақтда очиқ коинотга чиқди.   

NASA агентлигининг хабар беришича, америкалик астронавтлар Кристина Кук ва Жессика Меир Тошкент вақти билан соат 16.38да бир вақтда очиқ коинотга чиқишган.

Астронавтлар станция фермасидаги ишдан чиққан ташқи энергоблокни алмаштиришлари керак. Уларга буни бажариш учун 6,5 соат ажратилган.

Кристина Кук учун бу станциянинг ташқи томонига 4-чиқиши ҳисобланади, Меир учун эса биринчисидир. Икки аёл фазогирнинг очиқ коинотга чиқиши март ойида юз бериши керак эди. Ўшанда Кукка Энн Макклейн шериклик қилиши режалаштирилганди. Бироқ Макклейнга тўғри келувчи скафандр топилмаган. Кейинроқ скафандр ХКСга етказилган.

Тарих давомида 14 нафар аёл фазогир очиқ коинотга чиққан. Буни биринчи бўлиб собиқ иттифоқ фазогири Светлана Савицкая 1984 йилда амалга оширган.

Кўпроқ янгиликлар