Кўп пул топишга нима халақит қилади ва буни қандай тўғрилаш мумкин?

Lifestyle 18:20 / 03.10.2019 32046

Сиз ҳар куни ишга борасиз ва ўз вазифангизни виждонан тўлиқ адо этасиз, аммо маошингиз кўтарилмайди, мансаб пиллапояларидан илдамлаш ҳам негадир ортга сурилмоқда. Балки ҳамма гап когнитив тузоқлардадир — мулоҳаза юритишдаги вазиятни адекват баҳолашга ва ишончли қарорлар қабул қилишга халақит берувчи хатоликлар. Айнан қайси янглишликлар сизнинг фаолиятингизга тўсқинлик қилаётгани ва уларни тўғрилашга оид фикрлар билан ўртоқлашамиз.

1. Ҳаракатсизликни нотўғри баҳолаш

ХХ асрнинг 90-йиллари бошида олимлар қизиқарли тажриба ўтказишди. Иштирокчилар ўзларини бемор тақдирини ҳал қилувчи шифокор сифатида тасаввур қилишлари керак эди. Улар олдида танлов бор: 15 фоиз ҳолатда ўлимга олиб борувчи даволаш курсини ташкил этиш ёки ҳеч қандай муолажа буюрмаслик, аммо бунда бемор ҳаётдан кўз юмиш эҳтимоли 20 фоиз.

Олимларнинг фикрича, бунда ўйлаб кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ — даволашни танлаш керак эди. Айнан шу ҳолат беморнинг ҳаётда қолиш имкониятини бир мунча оширади. Аммо тадқиқот қатнашчиларининг 13 фоиз қисми бошқача фикрда эдилар ва ҳаракатсизликни маъқул кўришди: уларнинг наздида инсон ўлимига жавобгарлик ҳисси бу танловда камроқ бўлади. Шунингдек, тахминий беморнинг муолажалар натижасида ўлиши хавфи қанча баланд бўлса, «шифокор»лардаги ҳеч нарса қилмаслик танлови шунча ортган.

Ушбу когнитив тузоқ ҳам шундай аталади: ҳаракатсизликка нотўғри баҳо бериш. У сабабли биз жавобгарлик олиш ва қарор қабул қилишдан қўрқамиз, ҳеч нарса қилмасликни танлаб таваккал қиламиз.

Уриниб кўриш ва ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилишдан кўра қимирламай ҳаракатсизликни давом эттириш бизга ишончли ва хавфсизроқдек туйилади. 

Эмлашларга қарши инсонлар бундай хатти-ҳаракатнинг классик кўриниши ҳисобланишади. Ота-оналар орасида вакцинациянинг иккинчи даражали таъсирларидан хавотирга тушиш ва ўз болаларини ҳар қандай эмлатишдан воз кечувчи инсонлар учраб туради. 

Бироқ ҳаракатсизликка нотўғри баҳо бериш фақатгина саломатликка боғлиқ муаммо эмас. У ишда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, биз қийин лойиҳани олишга ёки қандайдир янги ва ностандарт ғоя беришга иккиланамиз, бунинг ўрнига бурчакка михланиб «комфорт»да қолишни танлаймиз. Демакки, ўзимизни карьера ўсишидан ва пулдан мосуво қиламиз.

Яна бир ўхшаш янглишлик мавжуд: статус-квога (ҳозирги ёки олдинги ҳолат) нисбатан ён бериш, яъни бу ҳолатда келажакда содир бўлиши мумкин танаффуслар ва қийинчиликлардан кўра ҳозирги вазият яхшироқ ва ишончлироқ туйилади.

Қандай қутулиш мумкин?

Ҳеч нарса қилмаган ҳолатингизда нимани йўқотяпсиз ва нимага эга бўлаётганингизни таҳлил қилинг. Ҳа, ҳаракатсизлик вақт, асаб ва кучни тежаши мумкин: янги вазифаларни бажаришга, ўқишга, хатолар қилиш ёки қалтисликка йўл қўйишга, сизнинг фикр ва таклифларингизни маъқул деб топмай сиз ҳақингизда қўлидан бир иш келмайдиган одам ҳақида ўйлашларига тўғри келмайди. Аммо сиз ташаббускорлик кўрсатмасангиз, янги бирор нарсага эриша олмайсиз ёки ишингизни ўзгартира олмайсиз, демакки профессионал сифатида шаклланмайсиз ва кўпроқ пул топишни ҳам бошламайсиз.

2. Поллианна принципи

1913 йилда америкалик ёзувчи аёл Элинор Портер кейинчалик болалар адабиёти классикасига айланган «Поллианна» номли асарини тақдим этди. Ҳикоянинг бош қаҳрамони ўн бир ёшли Поллианна Уиттер — ҳар қандай, ҳаттоки энг ёмон ҳолатда ҳам яхшилик топа оладиган енгилмас оптимист қиз эди. 

Қизалоқ ота-онасидан айрилади ва қаттиққўл, айтиш мумкинки, шафқатсиз холаси билан яшашга келади, аммо қочиб кетмайди ва барча танбеҳларни ўзига қабул қилади. «Агар ҳаракат қилса, деярли ҳар нарсадан қувончли ва завқли нимадир топилади!» дейди қаҳрамон.

Ўзининг ажойиб табиати билан Поллианна болаларнинг ибратли персонажига айланади. Инглиз тилида pollyannaish сифати ҳам мавжуд бўлиб, ғаройиб оптимистик инсон маъносини ифодалайди. 

Аммо Поллианнанинг яхшиликка умид қилиши ҳаммага ҳам мафтункор бўлиб кўринмаган. 1978 йилда тадқиқотчилар Маргарет Мэтлинг ва Дэвид Стренг ушбу қаҳрамонни когнитив тузоқ деб номладилар — Поллианна принципи. У сабабли инсонлар ўз шаънларига айтилган фақат ижобий фикрларни қабул қилишади, салбий маънога эга сўзларни деярли пайқашмайди ёки уларни ҳам «ютуқ» сифатида баҳолашади. 

Масалан, бошлиқ бажарилган иш юзасидан ўз фикрини билдирганда «поллианизм» билан зарарланган ишчи ҳамма нарсани фақат мақтов сифатида қабул қилади.

Танқидлар эса қулоққа кирмайди ёки «менга қойил, булар эса майда нарсалар, уларга эътибор қаратиш шарт эмас» каби шаклланади. Билдирилган ва йўл қўйилган хатоларни ҳисобга олмайдиган кишилар ўзларини ривожланиш имкониятларидан маҳрум қиладилар ва мутахассис сифатида шаклланмайдилар. Демакки, маош ҳам камроқ бўлади. Бундан ташқари, ҳеч қайси бошқарувчига ўзининг сўзларини ярмини тингламасдан ўтказиб юборувчи ходим ёқмаслиги табиий.

Қандай қутулиш мумкин?

Оптимизм — ажойиб ва кам инсонларга хос бўлган сифат. Пессимистларга нисбатан оптимистлар енгилроқ ва қувноқроқ ҳаёт кечиришади. Шунинг учун ҳам ҳаётга бўлган ижобий қарашларингиздан бутунлай воз кечиш ярамайди.

Бошлиғингиз, ўқитувчи, мураббий ва ўзингизнинг севимли инсонларингиз билан бўлганингизда, улар сизнинг билимингизни баҳолашаётган ёки ўз фикрларини билдиришаётган пайтда ушбу ижобий кўз билан қараш қобилиятингизни «ўчириб» қўйганингиз яхши. Диққат билан тингланг, эслаб қолинг, суҳбатдан сўнг кейинчалик таҳлил қилиб ўз устингизда ишлашингизга ёрдам берувчи асосий фикрларни ёзиб олинг.

3. Контекст эффекти

2010 йилда Journal of Consumer Research’да қизиқарли тажриба натижалари эълон қилинди. Деярли 200 кишидан иборат иштирокчилар гуруҳига супермаркетдаги турли маҳсулотларни баҳолаш вазифаси топширилган. Сўровнома ташкил этилган ҳудуд бир неча қисмларга ажратилган: бирида ерга оддий ламинат қопланган бўлса, иккинчисида юмшоқ гилам бор эди.

Иштирокчилар оёқ остида гилам бўлган ҳудуддаги маҳсулотларни юқори баҳолашган, чунки қулайликни сезишган.

Шу каби қабул қилиш хусусияти контекст эффекти деб аталади. Ундан барча маркетологлар кенг фойдаланишади.

Улар дўконларда иложи борича кўпроқ қулай шароит яратишга уринишларининг сабаби шунда биз маҳсулотларни юқори баҳолаймиз ва кўпроқ пул сарфлаб юборамиз. Чунки контекст эффекти натижасида асосий параметрларга нисбатан майда деталларга кўпроқ эътиборимизни қаратамиз.

Масалан, иш танлашда чиройли офис ва текин қаҳва бизни руҳлантириши мумкин, аслида эса маош миқдори ва карьера истиқболлари сояда қолиши мумкин. Ёки тескариси, бино жуда қулай эмаслиги ёхуд бошқарувчи қиёфаси етарли даражада савлатли бўлмагани учун яхши ишдан воз кечамиз. Кўпроқ пул топиш ва мансаб поғоналаридан кўтарилиш истагида бўлганлар учун нотўғри йўл.

Қандай қилиб тузоқдан қочиш мумкин?

Муҳим қарор қабул қилишингиз зарур бўлса, деталлар ва ташқи белгиларни мавҳумлаштиришга, яъни уларга кўз юмишга ҳаракат қилинг. Сиз учун қайси жиҳатлар энг муҳимлигини аниқлаб олиб, фақат уларга диққатингизни қаратинг. Олдиндан рўйхат тузиб олишингиз ҳам мумкин. Масалан, яхши иш сифатлари саноғи: маош, мансаб ўсиши, ижтимоий ўрин. Ёки дўконга бориш олдидан ортиқча сарфлаб қўймаслик учун харидлар рўйхатини тузиш. Шунда асосий нарсага эътиборни қаратиш ва майда нарсалардан диққатни олиб қочиш имконияти ортади.

Кўпроқ янгиликлар