Қон босимини тўғри ўлчаш қоидалари

Lifestyle 10:50 / 22.09.2019 33704

Артериал босимни ўлчаш қийин эмас, айниқса замонавий тонометрлар билан иш янада осонлашади. Аммо нимадир хато бажарилса, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Шу оддий жараённи пала-партиш қилмасликка оид тавсиялар билан таништирамиз.

Қандай асбоб танлаш керак?

Мустақил фойдаланиш учун автоматик тонометр (қон босимини ўлчаш асбоби) кўпроқ мос келади, чунки ёлғиз ҳолатда стетоскоп билан уринишлар ноқулай ва натижа нотўғри бўлиши мумкин.
Баъзи турдаги автоматик тонометрлар ҳам доимо аниқ натижани кўрсатмайди.

Номуносиб ростланган манжет размери ҳам ўлчов натижасига ўз таъсирини кўрсатишини инобатга олинг. Шунинг учун ҳам харид қилиш жараёнида қўлнинг тонометр қамраб олувчи айланасини ўлчаб кўринг. 

Асбоб натижани кўрсатиш вақтида чалкашмаслиги учун тонометрни дорихоналар ёки махсус тиббий ускуналар учун мўлжалланган дўконлардан сотиб олинг ва маблағдан тежаб қолиш ҳақида ўйламанг. Ишлатишдан олдин йўриқнома билан танишиб чиқинг (ҳатто ушбу мақолани ўқигандан кейин ҳам) ва батареяларни вақтида алмаштириб туринг.

Босимни қандай ўлчаймиз?

Шошилманг. Тинч вазиятда 5 дақиқа ўтиринг, кучли юкламалардан сўнг дарҳол тонометрни ишлатиш ярамайди. Ўлчаб кўришдан аввалги ярим соат давомида чекманг ва кофе ичманг.

Орқангиз текис ҳолатда бўлишини таъминлаш учун стулга ўтиринг. Оёқларни чалиштирманг. Улар ер юзасига тиззалар юқорига кўтарилмайдиган ҳолатда қўйилиши керак. 

Манжетни қўлга муаммосиз кийгизиш учун енгни қайириш ёки яхшиси узун енгли кийимни ечиб қўйиш керак. 

Ўлчанаётган қўл шундай қўйилиши керакки, тонометр манжети тахминан юрак билан бир чизиқда бўлсин. Баъзида бу ҳолатни бажариш учун қўл остига ёстиқча қўйиш зарур бўлади.

Манжетни тўғри тақинг. Унинг қуйи қисми тирсак букиладиган жойдан 2-2,5 см юқорида бўлсин.

Манжетни унинг остида 1 ёки 2 бармоқ сиғиши мумкин бўлган даражада тортинг. Тонометрнинг сезувчи элементлари пульсни аниқлаши учун унинг найчаси тирсакнинг ички қисмидан чиқиши керак.

Барча найчалар текис, ўралмаган бўлиши  ва ҳалқа ҳолатида эмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Бу қийин эмас, шу кўринишда ўтириш кифоя:

Дастурни ишга туширишингиз билан тонометр манжетни ҳавога тўлдиради ёки бу ишни мустақил амалга оширасиз (бу сиз қайси моделни сотиб олганингизга боғлиқ). Асбоб ҳавони чиқариб юборгунча кутинг ёки клапанни очинг ва ҳавони ўзингиз чиқаринг. 

Тонометр кўрсаткичини ёзиб олиб бир неча дақиқадан сўнг жараённи иккинчи қўлда қайтаринг.

Қон босими стетоскоп билан қандай ўлчанади?

Юрак товушини эшитиш усули кишидан баъзи одат ва кўникмаларни талаб қилади. Бир вақтда ҳам тинглаш, ҳам тонометр кўрсаткичидаги ўзгаришни пайқаш бошланишига қийин бўлади.

Ўзининг қон босимини ўлчаш янада қийинроқ. Шунинг учун, агар стетофонендоскопдан фойдаланишга қарор қилган бўлсангиз, қандай бажаришни ўрганинг.

  1. Худди автоматик тонометрда ўлчашда лозим бўлгандек ўтириш керак. Манжет ҳам қўлнинг айнан ўша қисмига тақилади.
  2. Тирсак чуқурлигига ёки унинг сал юқорисидаги пульс эшитилиши энг яхши бўлган жойга стетофонендоскоп мембранасини қўйинг ва озроқ сиқинг.
  3. Манжетни ҳаво билан дамланг ва бир вақтнинг ўзида стрелкадан кўз узмасдан пульсни тингланг. Қайсидир ҳолатда пульс йўқолади — уни эшитиб бўлмайди. Шундан сўнг тонометр стрелкаси яна 20-30 мм симоб устунига кўтарилгунча манжетни дамлаш керак.
  4. Груша жўмрагини озроқ очишингиз билан тонометр стрелкаси аста-секин пастлай бошлайди, секундига 2-3 мм симоб устуни тезлигида.
  5. Стетофонендоскопда юрак уриши товушлари яна қачон пайдо бўлишига диққат қилинг. Ўша вақтдаги стрелка кўрсаткичини эслаб қолинг. Бу систолик, яъни устки қон босимидир.
  6. Сўнгра, товушлар яна йўқолиб қолади ва ўша вақтдаги стрелка кўрсаткичи диастолик, «пастки» босимини ифодалайди.

У 140/90 дан кўтарилса, қон босими ошиши ташхисини қўйиш мумкин. Қуйи чегара эса 90/60. Ўзингиз учун меъёр қандайлигини билиш учун қон босимини ҳар куни бир хил вақт ва шароитларда ўлчанг ва ёзиб боринг. Ўзингизни ёмон ҳис қилувчи бирор ҳолат содир бўлса, сизда қон босими билан боғлиқ муаммо мавжуд ёки аксинчалигини аниқлай оласиз.

Кўпроқ янгиликлар