Гвардиоланинг қўрқинчли туши. «Сити» Норвичда қоқилди, «Ливерпуль» фарқни оширди

Спорт 11:10 / 15.09.2019 15804

«Манчестер Сити» Англия чемпионатининг 5-турида сенсацион равишда «Норвич»га ютқазди (2:3). «Ливерпуль» эса хотиржамлик билан «Ньюкасл»ни мағлуб этди ва турнир жадвалида «шаҳарликлар» билан орадаги фарқни 5тага етказди.

«Ливерпуль»да АПЛ рекорди

«Ливерпуль» — «Ньюкасл» — 3:1 (Мане, 28, 40, Салоҳ, 72 — Виллемс, 7)
Ливерпуль: Адриан, Робертсон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Матип, Окслейд-Чемберлен (Милнер, 75), Фабиньо, Вейналдум (Шакири, 84), Мане, Ориги (Фирмино, 37), Салоҳ.
Ньюкасл: Дубравка, Виллемс, Дамметт, Крафт (Манкильо, 67), Ласселс, Хэйден, Шелви, Атсу, Альмирон (Муто, 67), Шер (Фернандес, 80), Жоэлинтон.

Куннинг биринчи ўйинида бир неча эътиборга молик воқеалар рўй берди.

Уларнинг биринчиси - оғир жароҳатини даволаган Алекс Окслейд-Чемберлен 508 кунлик танаффусдан кейин «Энфилд»да бошланғич таркибда майдонга тушди.

«Ньюкасл» оптимал таркибда бўлмасада, мезбонларни ҳайрон қолдирган ҳолда 7-дақиқадаёқ Йетро Виллемснинг қойилмақом голи билан ҳисобни очишди. Голландиялик футболчи премьер-лигадаги илк аниқ зарбасини голга айлантирди.

«Ливерпуль» биринчи бўлимда юқори тезликда ҳаракат қилмади, аммо қийинчиликсиз ҳисобда олдинга чиқиб олишга эришди. Икки гол ҳам Мане ҳисобига ёзилди.

Ўйиннинг иккинчи қисмида эса мерсисайдликлар рақибга имкон қолдиришмади. Катта устунлик билан ҳаракат қилган Клопп шогирдлари йирик ҳисобдаги ғалабага эришишлари ҳам мумкин эди, аммо ўйиннинг қолган қисмида фақат бир гол урилди, Фирминьонинг феноменал ҳаракатларини Салоҳ якунига етказиб қўйди. Бразилиялик футболчи мисрлик футболчини доҳиёна пас билан олдинга чиқарди, ҳужумчи рақиб жарима майдонига кириб бориб, дарвозабонни доғда қолдирди.

Шу тариқа, «Ливерпуль» қаторасига 14-ғалабани нишонлади, бу ўйинларда камида иккитадан гол урди ва бу АПЛнинг янги рекордидир.

Лэмпарднинг ёш жамоаси тарих яратди

«Вулверҳэмптон» — «Челси» — 2:5 (Абраҳам, 69 — автогол, Кутроне, 85 — Томори, 31, Абраҳам, 34, 41, 55, Маунт, 90+6)
Вулверҳэмптон – Руй Патрисиу, Коуди, Вальехо, Кастро, Саисс, Дендонкер (Кутроне, 46), Моутинью, Рубен Невеш, Траоре (Доэрти, 56), Хименес (Гиббс-Уайт, 70), Диогу Жота.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Кристенсен, Томори, Алонсо, Жоржиньо, Ковачич (Баркли, 70), Виллиан, Маунт, Рюдигер (Зума, 46), Абраҳам (Батшуайи, 77).
Огоҳлантиришлар: Абраҳам (62), Кристенсен (64), Саисс (79).

Фрэнк Лэмпарднинг янгиланган, ёшлар билан тўлдирилган жамоаси «Вулверҳэмптон»га яққол фаворит сифатида ташриф буюрмаганди. «Кўклар» жамоаси бунгача 4 тур давомида жами 9 гол ўтказиб юборгани жамоа ҳимоясида муаммолар етарли эканини кўрсатарди.

Лекин «бўрилар» ҳам ўтган мавсумдагидан фарқли равишда бу мавсумни ёмон бошлашди — уч дуранг ва бир мағлубият. Шундай экан, жамоа ўз мухлислари ишончини қайтариш учун номдор рақибга қарши ғалабага эришиши талаб этиларди. Нуну Эшпириту-Санту жамоаси ўйинни ҳужумкор бошлади, «Челси» илк 10-15 дақиқаликда голлар ўтказиб юборишдан базўр қутулиб қолди, аммо жамоа ҳимояси матонат кўрсатди ва ҳужумчилар бўлимнинг иккинчи қисмини ҳақиқий шоуга айлантиришди. Лондонликлар бўлимнинг сўнгги 15 дақиқалигида 3та гол уришди. Бу эса уникал натижа ҳисобланади (иккинчи бўлимда бу натижа янада яхшиланди): жамоанинг сўнгги 9та голи 21 ёшдан кичик футболчилар томонидан урилмоқда (Абраҳам - 5, Маунт - 3, Томори - 1).

Ўйинда ҳисоб марказий ҳимоячи Томори томонидан очилди, у узоқ масофадан рақиб дарвозасини ишғол этиб, шедевр гол муаллифига айланди. Кейин танаффусгача Абраҳам икки гол урди ва Роналду ва Аллининг натижаларини такрорлади - уларнинг ҳаммаси 21 ёшга чиқмасдан АПЛда қаторасига уч ўйинда гол уришган. Иккинчи бўлимда Абраҳам учинчи голини урди.

Бу мавсумдаги голлари сонини 7тага етказиб олган Тэмми Абраҳам «бўрилар»га қарши ўйинда ҳет-трик қилишдан ташқари, ўз жамоаси дарвозасини ҳам ишғол қилиб қўйди. Бу билан у АПЛ тарихидаги ҳет-трик+автоголга муаллифлик қилган биринчи футболчи бўлди.

«Вухверҳэмптон» жавоб голлари уриш учун кўп куч сарфлади, аммо жамоанинг кучи фақат икки гол уришга етди. «Челси» эса сўнгги дақиқаларда бешинчи голни ҳам урди. Лэмпарднинг ёш жамоасида илк ишончли ғалаба.

Сульшерга пенальти ёрдам берди

 

«Манчестер Юнайтед» — «Лестер» — 1:0 (Рэшфорд, 8 — пенальти)
МЮ: Де Хеа, Магуайр, Уан-Биссака, Линделёф, Янг, Мактомини, Перейра, Матич (Фред, 67), Жеймс, Мата (Чонг, 70), Рэшфорд.
Лестер: Шмейхель, Рикарду Перейра, Эванс, Чилуэлл, Суюнчи, Мэддисон, Чоудури (Перес, 57), Грэй (Барнс, 68), Ндиди, Тилеманс, Варди.
Огоҳлантиришлар: Мэддисон (75), Жеймс (84).

«МЮ» ҳозирча мавсум стартини ишончсиз ўтказмоқда, мухлислар эса ҳар ўйинда Оле Гуннар Сульшерга ишончларини камайтиришмоқда. «Олд Траффорд»даги сўнгги 5 ўйинда «Юнайтед» 3 марта мағлуб бўлди. Ҳолбуки бунгача, жамоа ўз майдонидаги 52 учрашувда 3 марта мағлубиятга учраганди.

Айрим инглиз экспертлари тўғридан-тўғри эфирда агар бу ўйинда «МЮ» ғалаба қозонса ҳайрон қолишларини айта бошлашди. Навбатдаги ўйинда ҳам «қизил иблислар» дуранг натижа қайд этиши мумкин эди — жамоа рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар ярата олишмади, аммо жамоага 11-метрли жарима зарбаси ёрдам берди. Ўйиннинг 8-дақиқасида Рэшфордга жарима майдонида қўполлик қилишди ва унинг ўзи пенальтини аниқ ижро этди. Кичик ғалаба ва мухлислар инқирозга кўз юмиб туришади.

Гвардиоланинг даҳшатли туши

 

«Норвич» — «Манчестер Сити» — 3:2 (Максин, 18, Кантвелл, 28, Пукки, 50 — Агуэро, 45, Эрнандес, 88)
Норвич: Крул, Годфри, Байрэм, Льюис, Амаду, Кэнтуэлл, Маклин, Штиперманн (Србени, 89), Тетти, Буэндиа (Дрмич, 83), Пукки. 
Манчестер Сити: Эдерсон, Зинченко, Отаменди, Стоунз, Уокер, Родри Эрнандес, Сильва (Габриэл Жезус, 57), Бернарду Силва (Марез, 73), Гюндоган (де Брюйне, 57), Стерлинг, Агуэро.
Огоҳлантиришлар: Байрэм (45), Маклин (64), Бернарду Силва (69), Кэнтуэлл (87).

Бу мавсумда ҳам чемпионлик кураш «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» ўртасида кечиши аниққа ўхшаб қолди. Бу эса Хосеп Гвардьола жамоаси рақибни анча олдинга ўтказиб юбормаслик учун «Норвич»ни енгиши керак дегани эди. Ҳамм 8 нафар футболчиси жароҳат туфайли майдонга туша олмаётган «Норвич» бу оқшом кўп билан амалдаги чемпионларга қарши муносиб ўйнашга ҳаракат қилишини кутганди.

Мезбонлар эса биринчи бўлимнинг ўзида «Сити» дарвозасини икки бор ишғол этишди.

Икки гол! Бу голлар ҳам оддий вазиятларда урилди. Биринчиси — бурчак зарбаси амалга оширилганда тўп бош билан яқин бурчакка йўналтирилиши орқали, иккинчиси — идеал даражадаги қарши ҳужум натижасида.

«Сити» АПЛда икки тўп фарқи билан ортда қолиши 2016 йилдан буён кузатилмаганди, ўшанда бундай устунликка «Лестер» жамоаси эришганди. Аммо чемпион жамоани осонлик билан шок ҳолатига тушириб бўлмайди. Бўлим охирида меҳмонлар Агуэронинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни қисқартиришга эришишди. Аргентиналик футболчи ўзининг голли сериясини давом эттирмоқда — у АПЛнинг қаторасига бешинчи ўйинида гол урди.

Аммо иккинчи бўлимда ҳам «Сити»нинг даҳшатли туши давом этди. Ўз жамоаси жарима ҳудудида тўпни шеригидан қабул қилиб олган Отамендининг хаёли қочди ва Буэндиа ундан тўпни осонлик билан олиб қўйиб, Пуккини дарвоза қаршисида дарвозабон билан яккама-якка қолдирди, тўпурар ҳужумчи эса «Норвич»нинг учинчи голини урди. Финляндиялик футболчи мавсум стартида Агуэродан қолишаётгани йўқ: 5 ўйинда 6 гол ва 2 голли узатма.

Гвардиола ҳужумни кучайтириш учун майдонга Жезус ва Де Брейнени ташлади. Аммо омад аутсайдер, шу билан бирга жанговар ўйин кўрсатган жамоа томонида бўлди. АПЛ дебютанти «Норвич» сенсация қайд этди. «Сити» энди «Ливерпуль»дан 5 очко ортда қолмоқда.  «Шаҳарликлар»нинг 18 учрашувдан иборат ғалабасиз серияси (17 ғалаба ва бир дуранг) шу ерда тўхтатилди.

«Табриклайман, «Ливерпуль». Сен чемпионсан… Ҳали сентябрми, нима бўпти? Биз ўз хатоларимизни кўриб чиқамиз, янада кўпроқ ишлаймиз ва яна майдонга қайтамиз.

Биз беш очко йўқотдик. «Тоттенҳэм» билан ўйинда (2:2) биз ҳаддан ташқари зўр ўйнагандик. Энди бундан буёғига нима қилишимиз кераклигини ўйлаб олишимиз керак», – деди ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Гвардиола.

Кўпроқ янгиликлар