АҚШ Хитой маҳсулотларига божлар оширилишини 2 ҳафтага қолдирди

Жаҳон 08:26 / 12.09.2019 3037

АҚШ раҳбарияти Пекин илтимоси билан Хитойнинг 250 млрд долларлик маҳсулотларига божлар қийматини 25 фоиздан 30 фоизгача оширишни 2 ҳафтага қолдирди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда маълум қилди.

“Хитой давлат кенгаши бош вазир ўринбосари Лю Хэ илтимоси ва 1 октябрда Хитой ташкил топганининг 70 йиллигини нишонлаши туфайли биз яхши ният тарзида 250 млрд долларлик маҳсулотларга божларнинг 25 фоиздан 30 фоизгача оширилишини 1 октябрдан 15 октябрга кўчиришга рози бўлдик”, деб ёзган Трамп.   

АҚШ 1 сентябрда Хитойнинг 112 млрд долларлик маҳсулотларига 15 фоизлик қўшимча божлар киритганди. Трамп бунга сабаблардан бири сифатида Хитой томонидан АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ваъдаси бажарилмаганини келтирган. Хитой бунга жавобан АҚШнинг 75 млрд долларлик маҳсулотларига 10 фоизлик бож киритган. 

Аввалроқ Хитой ҳукумати савдо урушини якунлаш бўйича музокараларнинг янги раунди олдидан АҚШдан 16 маҳсулотга божлар бекор қилинишини маълум қилди. Бу савдо урушига барҳам бериш учун Хитой томонидан қабул қилинган илк шундай қарордир. Жумладан, Хитой дори-дармон, ҳайвонлар озиқаси ва бошқа маҳсулотларга 25 фоизлик божларни бекор қилган. Шу билан бирга АҚШ импортининг муҳим товарлари ҳисобланган соя ва дуккакларга божлар бекор қилинмаган.  

Кўпроқ янгиликлар