Ўзбекистонлик велоспортчилар Осиё кубогида 4 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритишди

Спорт 23:06 / 11.09.2019 6104

9 сентябрдан 11 сентябргача Ҳиндистонда велоспорт бўйича ўтган Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Ўсмирлар ўртасида кечган пойгаларда вакилларимиз 2 та олтин ва 2 та кумуш медалга сазовор бўлишди. 

Хоразмлик Беҳзодбек Раҳимбоев скретч ва очколар бўйича гуруҳ пойгаси йўналишларида қитъамизда тенгсиз эканини исботлаб, ҳар икки йўналишда ҳам олтин медалларга сазовор бўлди. 

Шунингдек, жаҳон рейтингининг учинчи поғонасига кўтарилиб олган сирдарёлик Янина Кускова скретч ва point race баҳсларида кумуш медаллар билан тақдирланди.

Аёллар ўртасида бўлиб ўтган яккалик пойгаларида спортчимиз Байметова Рената олтин медални қўлга киритди. 

Муроджон Холмуротов point race мусобақасида яна бир олтин медални қўлга киритди, бу спортчимизга Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун қўшимча 200 очко тақдим қилди. 

Терма жамоамизнинг мусобақадаги сўнгги медалига Дилмурод Сиддиқов эришди. Спортчимиз омниум йўналишида кумуш медалга сазовор бўлди. Бу натижа спортчимизга Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун 180 рейтинг очкосини тақдим этади.

Шу тариқа велотрек бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Ҳиндистон мезбонлик қилган катталар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогида 4 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритди. Бу эса умумжамоа бўйича мезбонлардан сўнг иккинчи ўринни қўлга киритишимизни таъминлади. 

Ўзбекистон велоспорт федерациясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева раислик қилади.

Кўпроқ янгиликлар