Касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари белгиланмоқда

Ўзбекистон 14:28 / 11.09.2019 3941

Касаба уюшмалари мамлакатдаги энг оммавий ва аъзолари сони кўп бўлган жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда 14 та соҳавий касаба уюшмалари 32,4 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларга эга бўлиб, ўз сафида 5,1 миллиондан ортиқ ишчи ва меҳнаткашларни бирлаштирган.

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳузуридаги котибият катта референти Беҳзод Султоновнинг ёзишича, меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги қонун ҳужжатлари ҳамда муносабатларнинг такомиллашуви – касаба уюшмалари билан боғлиқ қонун ҳужжатларини такомиллаштириш заруриятини туғдирган.

«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан касаба уюшмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда учта асосий манбага, яъни миллий қонунчилик ва амалиётга, хорижий давлатлар тажрибасига ҳамда соҳага доир халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга таянилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик ўрганилиб, соҳада қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Мисол тариқасида - амалдаги қонун касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилмаслиги, улар фаолиятининг кафолатлари таъминламаганлиги, касаба уюшмаси томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятларининг (шакллари, усуллари, воситаларининг) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланмаганлиги. Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар ҳисобга олиниб, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси 10 та боб, 69 та моддадан иборат бўлиб, айрим янгиликлар билан амалдаги қонундан фарқ қилади. Хусусан, янги қонун лойиҳасида илк маротаба «касаба уюшмаси», «касаба уюшмасининг бошланғич ташкилоти», «касаба уюшмасининг тузилмаси», «касаба уюшмаларининг бирлашмаси» ва бошқа шу каби асосий тушунчаларга алоҳида моддада таъриф берилди.

Шунингдек, «қонунийлик», «камситишларга йўл қўймаслик», «ихтиёрийлик», «мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш», «тенглик» ва «очиқлик» касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари сифатида алоҳида моддаларда баён этилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, касаба уюшмаларини тузиш, рўйхатга олиш, ҳисобга қўйиш, қайта ташкил этиш ва фаолиятларини тугатиш тартиблари қонун ва қонун ости ҳужжатларида баён этилган бўлиб, қонун лойиҳасида мазкур тартиблар алоҳида бобда акс эттирилди. Бу билан келгусида касаба уюшмаларини рўйхатга олишдаги мавжуд бюрократик тўсиқлар бартараф этилади, рўйхатга олиш жараёнидаги ортиқча вақт йўқотишларга чек қўйилади, рўйхатга олиш билан боғлиқ масалалар қонун ости ҳужжатлари билан эмас, балки тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар билан тартибга солинади.

Айни пайтда мазкур қонун лойиҳаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор парламент аъзолари, манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар, олимлар ва экспертлар, соҳа мутахассислари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг қонун лойиҳаси бўйича фикр мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини ўрганишга қаратилган. 

Жамоатчилик муҳокамаларида билдирилган кўплаб таклифлар асосида қонун лойиҳасидаги нормалар кўриб чиқилиб, қайта таҳрир этилди. Жумладан, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда меҳнат низоларини ҳал қилишда касаба уюшмалари ваколатларини янада кучайтириш билан боғлиқ нормалар юзасидан муқобил таклифлар фуқаролар томонидан билдирилган. Ҳозирда Қонунчилик палатаси депутатлари ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда мазкур таклифлар асосида қонун лойиҳасининг 20 дан ортиқ моддаларига тегишли тузатишлар киритиш юзасидан иш олиб бормоқда.

Кўпроқ янгиликлар