Саид-Абдулазиз Юсупов иши бўйича ёпиқ суд бошланди

Ўзбекистон 00:15 / 10.09.2019 50454

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган судланувчи Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168 (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаларида (пора бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

«Суд жараёни давом этмоқда», – дейилади Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати ахборотида.

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов 1982 йилда Навоий вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланган, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

У 2019 йилнинг 10 майида фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди.

Кўпроқ янгиликлар